French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент сайловида сиёсий партияларнинг иштироки
22:11 / 2021-07-23

Мамлакатни турли хил мафкура ва фикрлар асосида демократик ривожлантиришни таъминлашда сиёсий партиялар муҳим роль ўйнайди.

Мазкур нодавлат ва нотижорат ташкилотлар фуқароларнинг сиёсий ҳаётда, давлат бошқарувида иштирокини таъминлашнинг муҳим воситаси бўлиб, фуқароларнинг уюшиш, фикрлаш, йиғилиш эркинликларига асосланади.

Партия – (лотинча “partio” – «бўламан», «ажратаман») ғоявий жиҳатдан маслакдош, манфаатлари муштарак бўлган, шунингдек, муайян ишни бажариш мақсадида тузилган кишилар гуруҳидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 10 та моддасида сиёсий партиялар фаолиятига доир нормалар акс этган. Хусусан, 34-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгаликлари, сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунининг 1-моддасида сиёсий партияга қуйидагича таъриф берилган.

Сиёсий партия – бу Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қарашлар, манфаатлар ва мақсадлар муштараклиги асосида тузилган, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи кўнгилли бирлашмасидир.

Сиёсий партияларни тузиш ва уларнинг фаолият кўрсатиш принциплари қуйидагилардир:

– хоҳиш-иродани эркин билдириш;

аъзоларнинг тенглиги;

қонунийлик;

партияга ихтиёрий равишда кириш ва ундан чиқиш;

ўзини ўзи бошқариш;

ошкоралик.

Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонуни 6-моддасига мувофиқ, сиёсий партия тузиш қуйидаги асосий бешта босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқич. Сиёсий партияни тузиш учун камида саккизта ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида йигирма минг фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.

Иккинчи босқич. Сиёсий партия тузиш ташаббускорлари камида эллик кишидан иборат бўлиши, улар партия таъсис ҳужжатларини тайёрлаш, аъзолар таркибини шакллантириш ҳамда таъсис съезди ёки конференциясини чақириш бўйича ташкилий қўмитани тузишлари лозим.

Учинчи босқич. Ташкилий қўмита ўзи тузилган кундан бошлаб етти кунлик муддатдан кечиктирмай, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ўз ташаббуси, қўмитанинг таркиби, раҳбари (етакчиси), жойлашган манзили ҳамда таъсис съезди ёки конференцияси чақириладиган санани ёзма равишда хабар қилиши лозим. Тузилган ташкилий қўмита тузилган кундан бошлаб, узоғи билан уч ой фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эгадир.

Тўртинчи босқич. Сиёсий партия таъсис съездида ёки конференциясида тузилади ва унда партия устави ҳамда дастурини қабул қилади, унинг сайлаб қўйиладиган органлари тузилади.

Бешинчи босқич. Сиёсий партия Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилади. Рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза у тушган кундан бошлаб бир ой муддат ичида кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш натижаларига биноан сиёсий партияни рўйхатга олиш ёки рўйхатга олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Қарор қабул қилингач, узоғи билан уч кун муддат ичида у сиёсий партия раҳбар органига берилади ёки почта орқали жўнатилади.

Сиёсий партия рўйхатдан ўтган кундан эътиборан юридик шахс мақомини олади ва у ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Сиёсий партия рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги хабар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Сиёсий партиялар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиб ва бу ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинганидан кейин қонунда кўрсатилган ҳуқуқларга ҳамда мажбуриятларга эга бўлади.

Қуйидаги шахслар сиёсий партияларга аъзо бўлиши мумкин эмас.

– Хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

Судьялар;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари;

Прокурорлар ва прокуратура терговчилари;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари;

Ҳарбий хизматчилар.

Сиёсий партиялар фаолиятини молиялаштириш билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади. Ушбу қонунга кўра сиёсий партияларни молиялаштириш манбалари қуйидагилардан иборат:

кириш ва аъзолик бадаллари, агар сиёсий партиянинг уставида бундай бадаллар тўлаш назарда тутилган бўлса;

қонун ҳужжатларига мувофиқ тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар;

Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан ушбу Қонунга мувофиқ ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва фуқаролари томонидан қонунга мувофиқ бериладиган хайрия ёрдами.

Юқоридагиларга кўра, сиёсий партиялар фаолияти давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳам молиялаштирилади.

Давлат бюджети маблағлари сиёсий партияларнинг қуйидаги фаолияти учун ажратилади:

сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш;

сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш;

қонунчилик палатасидаги сиёсий партия фракцияларининг фаолиятини молиялаштириш.

Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг йиллик ҳажми шу маблағларни ажратиш мўлжалланаётган йилдан олдинги йилнинг  1 январидаги ҳолатга кўра белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки фоизини Қонунчилик палатасига ўтказилган охирги сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар сонига кўпайтмаси миқдорида шакллантирилади.

Сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини ҳар йили молиялаштиришга мўлжалланган давлат маблағлари суммаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан улар ўртасида сиёсий партияларнинг ҳар бири томонидан Қонунчилик палатасида олинган депутатлар ўрни сонига мутаносиб тарзда тақсимланади.

Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш белгиланган тартибда фақат ана шу мақсадлар учун ажратиладиган давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари шу партиядан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинганидан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига белгиланган тартибда ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сиёсий партияларнинг иштироки тўғрисида тўхталадиган бўлсак, аввало шуни айтиб ўтишимиз жоизки, сиёсий партияларнинг қонунчиликка мувофиқ энг муҳим ҳуқуқларидан бири бу – президентлик сайловида иштирок этиш ҳисобланади.

Миллий сайлов қонунчилигимизда сиёсий партияларнинг сайлов жараёнидаги барча иштироки эркин, мустақил, тенг ва адолатли шароитларда таъминланиши учун зарур қонуний кафолатлар белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Cайлов кодекси ва «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонуни сайлов жараёнининг асосий иштирокчиси сифатида сиёсий партияларга кенг имкониятлар беради.

Маълумки, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, жорий йилнинг 24 октябрь куни мамлакатимизда улкан сиёсий воқеа, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловлар бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш сайлов давридаги энг муҳим жараёнлардан бири ҳисобланади.

Қонунчилигимизга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш фақат сиёсий партиялар томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси 62-моддасига кўра, сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига қуйидагиларни тақдим этиши керак:

- Сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза;

- Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотнома;

- Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисида маълумотлар.

Ушбу ҳужжатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилиб олинганидан кейин сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради. Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида беш кунлик муддат ичида узил-кесил қарор қабул қилади ҳамда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномаси ва имзо варақаларининг бланкалари берилади.

Сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризаларнинг келиб тушиши навбати тартибида марказий матбуотда эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва қирқ беш кун қолганида тугайди.

Сиёсий партиянинг юқори органи Ўзбекистон Республикаси Президентлигига битта номзод кўрсатиши мумкин. Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат ўз партияси аъзолари орасидан ёки партиясизлардан номзод этиб кўрсатишга ваколатлидир. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатилганлиги тўғрисида баённома тузилади.

Сиёсий партиянинг раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб, Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

- сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори;

- сиёсий партия юқори органи мажлисининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партиявийлиги кўрсатилади;

- Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси;

- Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари.

Сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақаларида Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг камида бир фоизининг имзоси бўлиши керак. Бунда сиёсий партия битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри) имзолар умумий сонининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.

Ҳужжатларни тақдим этган шахсга Марказий сайлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради. Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни беш кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг Сайлов кодекси талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва қонунчилик талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий партияларнинг раҳбарларига маълум қилади. Сиёсий партия ҳужжатлардаги аниқланган номувофиқликлар ва хатоларни икки кунлик муддатда тузатишга ҳамда уларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этишга ҳақли.

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугалланишига етти кун қолганида якунлайди.

Сиёсий партиялар сайловларда ўзининг кузатувчилари ҳамда ваколатли вакиллари билан фаол иштирок этади.

Қонунчиликда ваколатли вакил ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайловлардаги иштироки тўғрисида нормалар ўрнатилган. Яъни, Марказий сайлов комиссиясининг «Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги ҳамда «Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори билан низомлар тасдиқланган. Мазкур низомларга кўра, кузатувчи – сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширувчи шахсдир.

Сиёсий партия аъзоси ёки тарафдори ёхуд сиёсий партияга хайрихоҳ бўлган ҳар қандай Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси сиёсий партиядан кузатувчи бўлиши мумкин. Улар ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн кун олдин ариза билан маълум қилади. Шунингдек, сиёсий партия ушбу шахслар орасидан сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли. Сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади. Марказий сайлов комиссияси сиёсий партия томонидан тавсия этилган ваколатли вакил номзодига тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиб, уч кунлик муддатда уни рўйхатга олади ва қуйидаги намунадаги гувоҳнома (мандат) беради.

Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, сиёсий партия томонидан берилган ҳужжатни ва тегишли сайлов комиссиясининг гувоҳномаси (мандати)ни ўз ёнида олиб юриши шарт.

Cиёсий партиянинг кузатувчиси ҳамда ваколатли вакили участка сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда шу сайлов комиссиясига ёки юқори сайлов комиссиясига ёхуд судга шикоят қилиши мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, барча ривожланган давлатлар сингари Ўзбекистон Республикасида ҳам, сиёсий партияларнинг эркин фаолият юритишлари, сайловларни демократик тарзда ўтказиш учун барча ҳуқуқий асослар мавжуд. Қолган барча ҳаракатлар сиёсий партиялар фаоллигига боғлиқ.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 5 та сиёсий партия қонунда белгиланган тартибда Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият юритиб келмоқда.

1. Ижтимоий давлат ғоясига асосланган Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП). Партия 1991 йил 1 ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган таъсис қурултойида тузилган. Партиянинг мақсади ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаатларини ҳимоя қилиш. Партия сиёсий кучларининг сўл қаноти ҳисобланади. ХДПнинг расмий нашри «Ўзбекистон овози», «Голос Узбекистана» газеталари ҳисобланади. Бош сайловолди шиори «Халқимиз фаровонлигига эришиш Ватанимиз гуллаб-яшнашининг гаровидир».

2. Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси. Партиянинг мафкурасини социал-демократия ғоялари ташкил этади. У 1995 йил

18 февралда Тошкентда бўлиб ўтган биринчи таъсис Қурултойида тузилган. Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг асосий мақсадлари Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини мустаҳкамлаш; Республикада кечаётган ислоҳотларнинг жадаллаштириш, ҳуқуқий, демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш; жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ижтимоий адолат ғояларини қарор топтириш; аҳолининг кам таъминланган эҳтиёжманд қатламлари учун зарур ижтимоий муҳофазани таъминлашга муносиб ҳисса қўшишдан иборат. Партия «Адолат» номли ижтимоий-сиёсий ҳафталик газетасига эга.

3. Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси. Ушбу партия 1995 йил 3 июнда биринчи таъсис Қурултойида тузилган. Партиянинг асосий мақсадлари: миллий анъаналаримиз ва хусусиятларимизни инобатга олиб фуқаролик жамияти барпо этиш; фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш; ташқи сиёсатда дунё ҳамжамиятига интеграциялашувни кучайтириш; иқтисодий соҳада жаҳон бозорига интеграциялашувни кучайтириш учун фермерлар, ишбилармонлар, тадбиркорларга эркин иқтисодий макон яратиш, барқарор пул ва валюта тизимини яратиш; маънавий соҳада ўзбек халқининг маънавий, маданий, бадиий, ахлоқий меросини қайтадан тиклаш; таълим соҳасида кенг ислоҳотларни амалга ошириш. Партиянинг марказий нашри «Миллий тикланиш» газетасидир

4. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг (ЎзЛиДеП) Устави ва дастури унинг 2003 йил 15 ноябрда бўлиб ўтган таъсис съездида тасдиқланган ҳамда 2003 йил 3 декабрда Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган. Партиянинг мафкураси либерал-демократиядир. Партиянинг расмий нашри – “XXI аср» газетасидир. 

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборатдир: сиёсий куч сифатида бирлашган ҳолда тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг янада кенгроқ фаолият юритишлари учун янги имкониятлар яратиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослаб бериш, жамиятнинг мазкур қатлами манфаатларини ҳимоялаш ва эртанги кунини таъминлаш; мамлакатнинг миллий манфаатлари ва тараққиётининг стратегик истиқболларига жавоб берадиган дастурини Конституция тамойилларига суяниб бошқа сиёсий партия ва ҳаракатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун партиянинг куч ва имкониятларини сафарбар этиш; давлатни бошқариш, жамиятда шаклланаётган қарашларга таъсир ўтказиш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этиш; партиянинг сиёсий платформаси – либерал-демократик ғоя ва қадриятларни кенг омма онгига сингдириш, бу борада ҳар томонлама чуқур ўйланган ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб бориш, ўз сафини кенгайтириш.

5. Ўзбекистон Экологик партияси. 2019 йил 8 январь куни таъсис этилган. 2019 йил 24 январда Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Экологик партияси давлат рўйхатидан ўтказилган. Партиянинг асосий мақсади: барқарор ривожланишга, экологик хавфсизликка эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун табиий ресурсларни сақлаш ва қулай атроф-муҳитни яратишга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакат ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришишга кўмаклашишга қаратилган. Партиянинг расмий нашрлари “Jamiyat” ижтимоий-сиёсий ҳамда “Ekohayot” ижтимоий-иқтисодий газеталари ҳисобланади.

Мансуржон Болтаев,

Тошкент давлат юридик университетининг

Ихтисослаштирилган филиали

Давлат-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири,

юридик фанлар номзоди, доцент