Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент сайловида имзо тўплаш: ҚОНУНЧИЛИК ВА АМАЛИЁТ
12:19 / 2023-05-29

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик ишлари Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига қатъий равишда амал қилган ҳолда олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши учун ижозат берилди. Шундан кейин улар мамлакатимиз бўйлаб ўз номзодини қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзосини тўплаш жараёнини амалга оширмоқда. Сайловда иштирок этишига ижозат берилган сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг рўйхатга олиниши учун Ўзбекистон Республикаси жами сайловчиларининг умумий сони камида бир фоизининг имзосини тўплаши керак. Бу Президент сайловининг муҳим жиҳатларидан биридир.   

1990 йилда ЕХҲТ Копенгаген ҳужжатида номзодларни сайланиш ҳуқуқи хақида фикр юритилиб, ушбу ҳуқуқ фуқароларнинг асосий фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан бири сифатида эътироф қилинади. Мамлакатларда сайлов органлари одатда номзодларни рўйхатга олиш учун жавобгар ҳисобланади. Барча даъвогарлар эркин ва тенг шарт-шароитларда сайловда номзод сифатида қатнашиш имкониятига эга бўлиши зарур.

Сайлов кодексига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.

Шу боис, сайловда иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига Марказий сайлов комиссияси томонидан тегишли гувоҳномалар тақдим этилди. Сиёсий партия ўзининг ваколатли вакилига Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганлик тўғрисида гувоҳнома берилганидан кейингина номзодни қўллаб-қувватлаш юзасидан сайловчиларнинг имзосини тўплашга ҳақли. Бу санага қадар тўпланган имзолар ҳисобга олинмайди. Шу ўринда хақли савол туғилади, Ваколатли вакил ким ва улар қандай асосий вазифаларни ҳал этади? Демак, ваколатли вакил, биринчи навбатда, сайловда иштирок этувчи сиёсий партиянинг манфаатини ифодаловчи ва унинг сайлов жараёнидаги иштирокига барча масалаларни ҳал қилувчи сиёсий партиянинг вакили хисобланади. Ваколатли вакилнинг сайлов компанияси даврида фаол иш олиб бориши сайловларнинг ошкоралиги, адолатлилиги ва қонунунийлигини таъминлашга ҳамда сайлов комиссиялари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга хизмат қилади.

Сайловчилар имзоларини тўплаш учун Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига имзо варақаларининг бланкаларини беради. 

Имзолар тўпланишини ташкил этиш учун сиёсий партияларнинг туман, шаҳар кенгашлари ва ижроия қўмиталари аъзолари, партияларнинг туман, шаҳар ташкилотлари ходимлари орасидан масъул шахслар тайинланади. Шунингдек, сиёсий партиялар бошланғич ташкилотлари раҳбарлари ҳам имзолар тўплашни уюштириши мумкин. Ҳозирда мамлакатимизда имзо тўплаш жараёнида фуқароларимиз холис иштирок этмоқдалар. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг имзолар тўплаш жараёнининг яна бир муҳим жиҳати шундаки сайловчилар битта ёки бир нечта номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга хақли. Ушбу қоида Сайлов кодексининг 38-моддасида ўз ифодасини топган. Ушбу қоида демократик мезонлардан бири бўлиб, сайловда имзо тўплашда фуқароларнинг ўзи хоҳлаган бир ёки бир нечта сиёсий партия номзодларига эркин муносабат билдириши имконини яратади. Сабаби фуқароларни ўзи ишонч билдирган номзодни танлайдиган жараён айнан сайлов куни амалга оширилади. Бу жараён фақатгина имзо тўплаш жараёни холос.  

Шунингдек, имзо варақаларини тўлдиришда сайловчи ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини (ёши ўн саккизда бўлса, қўшимча равишда туғилган куни ва ойини), яшаш жойи манзилини, паспортининг ёки идентификация ID-картасининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек, имзо қўйилган санани кўрсатади. Мазкур маълумотлар қўлда ёзиб киритилади. Имзо варақасига ўз имзосини қўядиган сайловчи тўғрисидаги маълумотлар сайловчининг илтимосига кўра имзо тўплашни амалга ошираётган шахс томонидан киритилиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилмоқда.

Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбурлаш ва ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади

Имзо варақаси имзони тўплаган шахс томонидан ўз фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ҳолда имзоланади, шунингдек, тегишли сиёсий партиянинг туман, шаҳар тузилмаси раҳбари томонидан муҳр босиб тасдиқланади. Дархақиқат, бугунги кунда фуқароларимизнинг сиёсий фаоллиги анча ўзгаргани, Президент сайлови жараёнларига уларни бефарқ эмаслиги, аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини айнан имзо йиғиш жараёнида фаол иштирок этаётганидан билиб, олса бўлади. Сабаби ушбу жараёнда улар томонидан сайлов қонунчилигида кўрсатилган барча талаблар доирасида, ҳар бир номзодни синчиклаб ўрганиб, қўллаб қувватлаш учун имзо варақаларига имзо қўймоқдалар. 

Сайлов кодексининг 39-моддасига мувофиқ, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан текширилади. Унга кўра, сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан текширилиб, текширув ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида сиёсий партияларга олдиндан маълум қилинади. Сайлов қонунчилигига кўра, текшириш учун сайловчиларнинг ҳар бир сиёсий партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаб берилган имзолари бир хил миқдорда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳридан) тенг нисбатда танлаб олинади

Шунингдек, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини Марказий сайлов комиссияси томонидан текширилиши жараёнида иштирок этади. Марказий сайлов комиссияси томонидан имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳи тузилиб, ушбу гуруҳ таркибига ички ишлар ва адлия органларининг хатшунос экспертлари, мутахассислари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилади

Сайловда иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партиялар республикамизнинг барча ҳудудларида имзо тўплаш жараёнлари тамомланганидан сўнг, сиёсий партиянинг ваколатли вакили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида қилиб тикилган имзо варақаларини Марказий сайлов комиссиясига топширади. Сайловчилар имзолари зарур сонининг камида ўн беш фоизи ва имзо варақаларига имзоларини қўйган сайловчилар тўғрисидаги тегишли маълумотлар текширилиши лозим.  

Шу билан бирга имзо тўплаш жараёнлари якунланишига ҳам оз фурсат қолди. Республиканинг барча ҳудудларида аҳолининг барча қатламлари вакиллари ўз ихтиёри билан, кўтаринки кайфиятда, энг муҳими, зиммаларидаги бурч ва масъулиятни чуқур англаган ҳолда номзоднинг сайловда иштирок этишига хайрихоҳлик билдирмоқдалар.

Имзо тўплаш жараёнлари якунланмоқда. 

Ахрор Худойбердиев, 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси

Давлат ва ҳуқуқ институти бўлим бошлиғи,

юридик фанлар доктори, профессор 

                                                                                         ЎзА