French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Президент қўйган марраларга албатта етамиз!” (+видео)
21:17 / 2024-12-10

“Яхши ният, иш юритишда ҳалоллик, холислик ва астойдил меҳнат хотиржам ва фаровон ҳаёт асоси”. Бу гапларни бирон-бир алломаи даврон қолдирган китоблардан олмадик. Ёзёвон туманидаги “Меъзон” фермер хўжалиги раҳбари Воҳиджон Обидовнинг кундалик ҳаётий шиори бу.

Воҳиджон қишлоқ фарзанди. Авлод- аждодлари ҳам деҳқончилик қилиб кун кўришган. Аммо у ер билан ишлашда илмга интилди, илмий хулоса, тавсияларга асосланди.

“Меъзон” фермер хўжалигида жами 130 гектар ер бор. 2024 йилда 57 гектарда ғалла, 73 гектарда эса пахта етиштирди.

Ғалла майдонларида бошоқлар денгиз тўлқини мисол бош чайқарди ҳосил мўллигидан.

– Давр, Аср, Беҳи, Васса каби навларни экяпмиз. Дастлаб ҳар гектардан 50 центнердан ҳосил олган бўлсак, деҳқончиликда илмни қўллаганимиздан сўнг 60-70, 80 центнергача чиқдик, – дейди фермер.  

Эътибор беринг, ҳатто 90, 95 центнердан ҳосил олинган далалар бўлди. Қолаверса, улар уруғлик эди. Бошоқни қўлга олсангиз, тош босаётганини сезасиз.

Мана бу майдонлардаги шу йил пахтани териб олгач сочилган уруғлар бир текис униб чиққан. Экишдан аввал ҳар гектарига 300 кг.дан аммафос солишди. Яқинда эса 100 кг.дан селитра солиб суғорган эдилар.

– Очиқ майдонга экилганлиги ҳисобига ҳосилдорлик йилдан- йилга ошиб бормоқда. Буғдойни 1-10 октябр оралиғида экдик. Ҳозиргача ҳар донаси  7-8 тадан бўлиб чайлади, – дейди Воҳиджон. – Совуқ кучайганидан кейин кўчатлар дам ола бошлади.  

Марказий Фарғона чўллари ҳарорати атрофга қараганда ҳамиша 2-3 даража ёзда иссиқ, қишда совуқ бўлади.

Воҳиджон буғдой униб чиққан кўчатларни диққат билан кўздан кечиради.  

– Устки қисми совуқдан сарғайган, эрта баҳордан яна амалга кирганида остидан янги нишона чиқаради. Қолаверса, ер ҳам музлаган, ҳаммаси жойида, – дейди фермер.

Биз “Меъзон” фермер хўжалигининг деярли барча майдонлари билан танишиб чиқдик. Йўл четлари, ички ариқлар, ободончилик, ҳамма-ҳаммаси ҳавас қилгудек. Деҳқончилик маданияти унинг эътиқоди, ғоялари, амали каби юксак.

Ҳайдовдан чиққан майдонларнинг бири ёнида тўхтадик. Ер шу қадар моҳирлик билан ҳайдалганки, чуқурлиги барча ерда бирдек – 45-50 сантиметр, тупроқ ағдарилиши бир текис.

– Ёзёвонда миришкор деҳқонлар бор. Улар билан ҳамиша маслаҳатлашиб иш тутаман. Улар ерни албатта кузда ҳайдаш лозимлигини уқтиришади. Бу маслаҳатларга риоя қилиб бир гектарга 200 килодан аммафост сочиб кейин ҳайдадик. Энди эртагаёқ пол оламиз ва қишки чилла сувини қуямиз.  

Воҳиджон камтарлик билан айтди бу гапларни. Аслида наинки Ёзёвон, бутун Фарғона деҳқонлари ундан маслахат олгани келади.

У деҳқончиликда илмга урғу беради, дегандик. Мана, уч йилдирки, Хитойнинг “Tian Ye Agro” компанияси билан ҳамкорлик қилади. Чигит экишдан то униб чиқиб, ниҳоллари майдонни эгаллагунча, пахта кўчатлари ҳосил тугиб бўй кўрсатгунча, ва ниҳоят терим даврида ҳам хитойлик мутахассислар билан маслаҳатлашади. Ҳар доим қўлида у ёки бу асбоб. Гоҳ ер намлигини ўлчаса, гоҳ ҳар метрда нечта кўчат, нечта кўсак борлигини санайди. Пировард натижада пахта майдонлари оқ денгиз каби тус олди. Ҳосил мўллигидан шохлар бошини эгди.

– Айрим майдонлардан 70 центнергача ҳосил кўтардик. Ўртача ҳосилдорлик 65 центнерни ташкил этди. Президентимиз тўғри тавсия берган эканлар. Шинжон технологияси юқори ҳосил олиш мумкин бўлган усул экан, – дейди фермер хўжалиги раҳбари. – Ҳар бир гектарда 260 мингтагача кўчат етиштирдик. Ҳар тупда камида 18 тагача кўсак очилиб ҳосил берди. Бу усулнинг яна бир қулай томони шунда эканки, кам ҳаражат қилиб катта даромад олиш мумкин экан. Шинжон усулидаги плёнка остига томчилатиб суғориш усулида экилган чигитлар униб чиққач культивация қилинмайди, чеканка шарт эмас, ягоналанмайди. Экилганидан сўнг далага техникадан бошқа ишлов бериш учун деҳқон кирмайди. Шундай усулни қўллаганимиз учун юқори натижаларга эришдик.

“Меъзон” фермер хўжалиги 2024 йилда 12 иш кунида 73 гектардан ўртача 60 центнердан юқори ҳосил йиғиб олди. Бу ўртача ҳосилдорлик. Пахтани эса омборлардан бирини ижарага олиб сақлаб қўйди. Энди даволский, яъни тегирмончига ҳақ тўлаш усулида унинг толасини ажратиб сотмоқчи, чигитини эса... Воҳиджон амалга ошираётган ғояни тушунаётгандирсиз? Ҳа, у кластерга сотмайди ҳосилни, ўзи қайта ишлаб чиқаришга бермоқчи. Мақсади эса фермер хўжалиги даромадини ошириш.

– 2024 йилда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ташаббуси билан пахта териш машиналари келди. Ҳосилни улар орқали териш учун 76 схемада қўшқатор ва якка қатор қилиб экдик, – дейди фермер бугун тарихга айланган суратларни кўрсатиб.

Ҳа, “Меъзон” Фарғона вилоятида юз фоиз пахта хосилини машинада териб олган кам сонли фермер хўжаликларидан бири эди.  Бунинг учун у йиллаб тайёргарлик кўрди. Ҳар бир майдонининг энг кичиги 13 гектарли. Каттаси эса 38 гектар. Машинада пахта териш учун уларни 50-60 гектаргача етказишни режалаганман, дейди фермер.

– Биз 2024 йилда Шинжондан пахтанинг сара уруғларини олиб келдик, – дейди “Tian Ye Agro” компанияси раҳбари Li Gio Doint. – Пахта ҳосили асосан кўчатнинг ўрта ва юқори бўғинларида, яъни машинабоп қилиб етиштирилган. Чаноқларда ҳосил бўлиқ. Биттаси 7,4 граммгача тош босади. Уларни бир теримдаёқ йиғиб олдик.  

Дарвоқе, “Меъзон”нинг даромади ҳақида сўрамадик. Воҳиджон уни ҳамиша қўл остидаги ишчилари билан бўлишади. Кимгадир уй қуришда, кимнингдир оила аъзосини даволатишда у елкадош. Шу кунларда эса “Меъзон” фермер хўжалигининг 15 нафар аъзоси  Саудия Арабистонида 2024 йил даромади ҳисобидан бепул Умра зиёратини адо этяпти.

Воҳиджон гоҳ тракторчи, гоҳ комбайнчи, ер ҳайдайди, дори сепади. Унда барча техник воситалар бор. Яна бир сирни очиқлайлик: пахтани йиғиб- териб олгач, ғўзапоясини олмайди, ўша заҳотиёқ махсус техникада майдалатиб ерга сочиб юборади. Унинг чириндисида фосфор, аммафос элементлари бор. Шунинг учун ер ҳайдалганида остида қолиб тупроққа қувват беради. Шунинг учун ҳам минерал ўғитга рўжў қўймаган.

–  800 килограммдан ўғит солдик, холос. Аммафос, кабомид, сулфатамон, калий солдик. Тепасидан эса субсензия билан ишлов бердик. Ўзбекистон ерлари олтинга тенг. Хитойда кўриб тажриба алмашиб келдик, худо хохласа ,2025 йилда юз фоиз Шинжон усулида плёнка остига томчилатиб суғоришни қўллаб чигит экамиз. 80, 90 ва 100 центнергача ҳосил олишга ҳаракат қиламиз, дейди у.

Яхши ният қилган етар муродга, дермидилар?

Воҳиджон Президент айтган марраларни кўзлаяпти. Ҳеч шубҳа йўқ, шундай кунлар келади ҳали.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/iVF8h8gNbig" title="“Prezident qoʻygan marralarga albatta yetamiz!”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари