French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент қарорлари ижроси танқид қилинди
15:56 / 2022-11-05

Жиззахда Давлат дастурларидаги вазифалар ижросига бағишлаб вилоят қурилиш штабининг навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят прокурори, қурилиш штаби бошлиғи Исломжон Эргашходжаев томонидан Президентимизнинг 2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда жорий йил 22 январдаги “2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилаётганлиги кескин танқид қилинди.

Жумладан, инвестиция дастури доирасида ичимлик сув объектларидан 4 та, ирригация ва мелиорация объектларидан 6 та, ижтимоий соҳа ва бошқа объектлардан 12 таси фойдаланишга топширилмаганлиги муҳокама қилинди. Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун ажратилган маблағларни мақсадли ишлатиш ҳамда объектларни белгиланган муддатларда якунлаб, фойдаланишга топшириш юзасидан ваколатли ташкилотларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Шу куннинг ўзида вилоят прокуратураси томонидан Жиззахдаги Президент Халқ қабулхонаси билан биргаликда Арнасой туманининг 2-сектор ҳудудига кирувчи энг олис ва чекка ҳудуд “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғинида навбатдаги сайёр қабул ва ёшлар билан учрашув ташкил қилинди.  

Қабул аввалида туман прокурори ташаббуси билан бунёд этилган тиббиёт пункти очилди. Унда меҳнат фахрийлари, маҳалла фаоллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Сайёр қабулда фуқаролардан турли хил мазмундаги мурожаатлар бўлди. Аксарияти жойида қаноатлантирилган бўлса, қолганлари юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларига аниқ вазифалар юклатилди. Муддат белгиланди ва уларнинг ижроси вилоят прокуратураси назоратига олинди.  

Бундан ташқари, ушбу тадбир ниҳоясида 1 нафар фуқарога имтиёзли банк кредити ҳисобидан мотокулътиватор, “Аёллар дафтари” рўйхатида турган хотин-қизларнинг 2 нафарига микротўлқинли печь, 6 нафарига субсидия маблағлари асосида тикув машинаси ажратилганлиги тўғрисидаги сертификатлар топширилди.

А.ҚАЮМОВ,  

Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА