Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент қарорлари ҳаётда ва назоратда
15:16 / 2021-06-15

Чекка ҳудудларда дарс беришнинг машаққати ҳам, завқи ва шарафи ҳам бўлакча

Жаҳон ҳамжамиятидан янгилик олиш ҳам, унга янгилик узатиш ҳам хорижий тилларни билишни тақозо этади. Ҳар соҳада халқаро ҳамкорлик алоқаларимиз кун сайин кенгаяётгани тил билиш масаласининг долзарблигини янада оширмоқда.

Дарҳақиқат, хорижий тилларни ўқитишга эътибор яқин йилларда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтказган селектор йиғилишида кўтарилган тилларни ўқитиш масаласи ҳам бунга яққол бир мисол. Мазкур соҳада вазиятни яхшилаш юзасидан бир қатор кўрсатмалар берилди, хусусан, халқаро тил сертификатларига эга бўлган ўқитувчиларга устама ҳақлари жорий этиш, хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳар учун маблағ ажратиш ва шу каби бошқа кўплаб масалалар ўртага ташланди. Юртбошимиз йиғилишда алоҳида эътироф этган Бухородан Самарқандга келиб, ўқувчиларга инглиз тилидан дарс бераётган Муродовлар оиласи билан ЎзА мухбири суҳбатда бўлди. Қаҳрамонимиз Фаррух МУРОДОВнинг фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

– Маърифатпарвар шоир Аваз Ўтар сўзи билан айтганда, тил инсон ва оламни боғлаб турувчи восита, кўприкдир. Дарҳақиқат, у кўнгилларни, халқларни янада яқинлаштиради.  

Биз асли Бухоро вилоятининг Бухоро туманиданмиз. Турмуш ўртоғим Наргиза Қувонова билан Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги 54-умумий ўрта таълим мактабида март ойидан бошлаб дарс бериб келамиз. 2020 йилда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида чекка ҳудудларга бориб дарс берувчи ўқитувчиларга устама ҳақи тўланиши ҳақида кўрсатма берганларидан сўнг биз ҳам Самарқандга иш ахтариб бордик. Аслида Президент қарори чиқмасидан аввал ҳам чекка ҳудудларга бориб дарс ўтишни режалаштириб юрар эдик. Бу қарор бизни янада руҳлантирди, режаларимизни амалга оширишга куч бағишлади. Ҳозир мазкур мактабда 30 соатдан дарс олганмиз. Аёлим бошланғич синф ўқувчиларига, мен эса юқори синф ўқувчиларига дарс берамиз.

Биласиз, бугун мактаблар ранглар бўйича тоифаларга ажратилган: қизил ранг тоифасидагилар бу – 10% ва ундан кам ўқувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган мактаблар ҳисобланади, сариқ ранг – 30%, яшил ранг тоифадаги мактаблар эса 50 ва ундан юқори фоизларда ўқувчилари олий таълим муассасасига ўқишга кирган мактаблар саналади. Бунда устама ҳақи фақат қизил ранг тоифасидаги мактабларда фаолият олиб борувчи биринчи ва олий тоифали ҳамда хорижий тилни билиш даражасини билдирувчи халқаро сертификатлар (IELTS, CEFR)га эга педагогларга берилади. Менда ҳар икки сертификат бор. Малакам ҳам 10 йилдан ошгани сабабли ойлигимнинг 170% ини устама ҳақ сифатида оламан.

Бу ердаги шароит ҳақида гапирсак, Бухоро туманимиз марказига уйимиздан 7-10 дақиқада машинада етиб бораман. Нурободда эса 1 ярим соатда борилади. Сабаби, марказга борувчи транспорт атиги битта. Транспортни айтмасак, ҳамма шароит аъло даражада.

Чекка ҳудудда дарс бериб муаллим нимага эришади, биласизми? Аввало, яхшиликка эришади. Ўзимиздан мисол, бизнинг ҳам эришганларимиз кўп, моддий жиҳатдан олсак, ойлигимиз оширилди. Қолаверса, болаларда хорижий тилларга қизиқиш кучайди. Буни онлайн ўқишлар бўлишига қарамай, ўқувчилар синфхонани тўлдириб ўтиришларидан ҳам сезиш мумкин. Бундан ташқари, қўшимча тўгаракларимиз учун ҳам бино ажратиб берамиз, деди масъулларимиз.

Яна бир нарсани алоҳида айтиб ўтишни хоҳлардим, бу ерда ижара уйда турамиз ва ижара ҳақи давлат томонидан тўлаб берилади. Бу ҳам биз учун яратилган қулай имконият.

Ўқувчилар келажакда муаллим бўламан, дейиши учун жамиятда ўқитувчининг билими билан бирга обрўси ҳам юқори бўлиши керак. Бугун амалга оширилаётган ислоҳотлар айни шу йўлда қилинаётган эзгу амалларга бир мисол. Куни кеча Юртбошимизнинг хорижий тилларни ўқитишни ривожлантиришга бағишланган селектор йиғилишида ўқитувчиларни алоҳида эътироф этганлари бизни янада қувонтирди.

Биз бу ишга қўлимиздан келганча ўз ҳиссамизни қўшишга бел боғлаганмиз. Яъни, кузда Нуробод туманида маълум чегирмаларга эга, арзон нархларда инглиз тили курслари ташкил қилишни режалаштирдик. Туман ҳокими ў

ринбосари сентябрь ойидан қишлоқ врачлик пункти биносидан алоҳида хона ажратиб берилишини маълум қилди. Ҳозирда ҳудуд бўйлаб эълон берганмиз. Кам таъминланган оилалар фарзандлари учун дарслар бепул бўлади, пуллик курслар эса шаҳардаги нархларга нисбатан анча арзон бўлади.

Чекка ҳудудда дарс беришнинг машаққати ҳам, масъулияти ҳам, завқи ва шарафи ҳам бўлак. Шу сабаб ўқитувчига эътибор бу – келажакка эътибор. Ўз навбатида, бизга яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар жавобсиз қолмаслиги керак, албатта. Бунда биз, ўқитувчилар болаларга яхши билим ва тарбия берсак, мақсадимизга эришган бўламиз.

 

Юлдуз ЎРМОНОВА ёзиб олди, ЎзА