English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент қарори ва топшириғи амалда: Совуқда ҳам газ қувурларини монтаж қилиш давом этмоқда (+видео)
14:21 / 2023-01-11

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 апрелдаги “Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарида тадбиркорларнинг тўлиқ ва узлуксиз фаолият олиб боришини таъминлаш, улар учун зарур мухандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш, маҳаллий ва хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлашнинг устувор вазифалари белгилаб берилган. Шунга мувофиқ мамлакатимиздаги бошқа махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари қаторида Сурхондарё вилоятидаги “Термиз” эркин иқтисодий зонасига ҳам табиий газ етказиб бериш белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва Термиз шаҳри истеъмолчиларини табиий газ билан таъминлаш учун Ангор тумани Баҳор маҳалласи ҳудудидаги “Қорақир” АГРСдан 38,9 километр масофага қувур ётқизиб, юқори босимли газ тармоғи қурилишини амалга ошириш топшириғи берилган эди.

Янги лойиҳани тезроқ якунлаш учун “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали қурилиш-монтаж бошқармаси ишчилари Ангор ва Термиз туманлари ҳудудидаги қумлоқ саксовулзорлар орқали юқори босимли газ қувурларини монтаж қилмоқда. Улар нафақат ёз жазирамаси балки, қиш фаслининг изғиринли кунларида ҳам бу ишни якунлашга ҳаракат қилмоқда.  

–Президентимизнинг 2021 йилдаги топшириқларига асосан Ангор туманидаги “Қорақир” АГРКСдан Термиз шаҳридаги истеъмолчилар учун 38,9 километр узунликдаги газ қувурини тортиш ҳар қандай об-ҳаво шароитига қарамай жаъдал суратларда амалга оширилмоқда, – дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали масъул мутахассиси Бехзод Шайманов. – Шу кунгача диаметри 219 миллиметрли юқори босимга мўлжалланган газ қувурларининг қарийб 30 километр қисмини монтаж қилиш ишлари якунланган.  

Мазкур лойиҳа фойдаланишга топшириргач, “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва вилоят марказидаги 16 та маҳаллага ишончли табиий газ етказиб берилади. Эркин иқтисодий зонада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва турлари кўпайиб, янги иш ўринлари барпо этилади. 10 мингтага яқин кўп қаватли уй ва якка тартибдаги турар-жой бинолари, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий соҳа тармоқлари узлуксиз табиий газ билан таъминланади.  

Инсон қадри улуғланаётган мамлакатимизда кейинги йилларда истеъмолчиларни сифатли табиий газ билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, сўнгги беш йилда биргина Сурхондарё вилоятининг 220 дан ортиқ маҳалласида 120 мингдан зиёд хонадоннинг табиий газ таъминоти тубдан яхшиланди. Бунинг учун 125,9 километр газ тармоғи ва 257 дона газ тақсимлаш пункти янгиланди.  

Айни пайтда вилоятда 116 минг 162 та аҳоли хонадони табиий газдан бахраманд бўлмоқда. Истеъмолчиларга 2 минг 541 дона газ тақсимлаш пункти орқали табиий газ етказиб берилаётир. Вилоят ҳудудида 192 минг 937 километр юқори босимли, 642 минг 630 километр ўрта босимли, 1 миллион 561 минг 825 километр паст босимли газ қувури мавжуд.  

<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/TfA5Bar50qE" title="Президент қарори ва топшириғи амалда: Совуқда ҳам газ қувурларини монтаж қилиш давом этмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  

ЎзА мухбири