Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент қарори Оролбўйи тараққиётига хизмат қилади
06:45 / 2022-06-01

Мустақиллик мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуд ва минтақасида бунёдкорлик, янгиланишлар олиб келганини Қорақалпоғистон Республикаси мисолида ҳам кўриш мумкин.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари қатори Қорақалпоғистон Республикасининг ривожланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айнан ана шундай эътибор туфайли бугунги кунда Нукус шаҳридан бошлаб, туманлар марказлари, қишлоқлар, ҳатто чекка овулларгача ҳар томонлама ўзгариб, ривожланиб бормоқда. Бунда, айниқса, сўнгги йилларда амалга оширилаётган Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Айтиш керакки, бу дастурлар ҳудудни асрлар давомидаги оддий аграр ўлкадан замонавий ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий инфратузилмалар, транспорт-коммуникация тармоқлари, юксак малакали кадрларга эга бўлган қудратли минтақага айлантиришни назарда тутади.

Президентимизнинг 2022 йил 30 майдаги “Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида тадбиркорликни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ҳам бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.

Қарорда Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Қонликўл, Мўйноқ, Нукус, Тахиатош, Тахтакўпир, Хўжайли, Чимбой, Шуманай туманларида мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш ҳамда қулай агробизнес муҳитини яратиш назарда тутилмоқда.

Мазкур ҳужжат билан ушбу ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, хусусан ёшларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун қатор имкониятлар ва имтиёзлар берилмоқда. Аукцион савдоларида сотилган нархидан қатъи назар барча харидорларга харид тўловларини 7 йил муддатда бўлиб тўлаш имконияти берилади. Жисмоний ва юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларига ижара ҳуқуқини электрон онлайн-аукционда сотиб олиш қийматини беш йил давомида бўлиб тўлашдек қулайлик берилади.

Шунингдек, шимолий туманлардан рўйхатдан ўтиб, мазкур ер майдонларида фаолият юритадиган қишлоқ хўжалигига ихтисослашган тадбиркорлик субъектларига ушбу фаолиятдан олинадиган даромади бўйича айланмадан олинадиган солиқ, мазкур туманлардаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш ва сақлаш мақсадида фойдаланиладиган ер участкалари ва мол-мулки бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади.

Шу билан бирга сув танқис бўлган маҳаллалар (овуллар)да Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган маблағлар ҳисобидан белгиланган тартибда суғориш тик қудуқлари қазилади ёки мавжуд каналлардан сув чиқариш учун насос агрегатлари ўрнатилади. Бу билан сув танқислигини бартараф этиш чоралари кўрилади.

Албатта мазкур имкониятлар, Оролбўйида, шу жумладан, шимолий ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш учун мухим аҳамият касб этади. Шу билан бирга мазкур туманларда яшовчи ёшларга ҳам қатор имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Жумладан, қарорга кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат грантлари бўйича белгиланган квоталар доирасида Қорақалпоғистон Республикасидаги қишлоқ хўжалиги ва ахборот технологиялари йўналишидаги олий таълим муассасаларига махсус қўшимча қабул квоталари ажратилади.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан: шимолий туманларда доимий яшовчи етим, боқувчисини йўқотган ёки ногиронлиги бўлган ҳамда профессионал ва олий таълим муассасаларида таълим олаётган ёшларнинг тўлов-контракт суммасининг 100 фоизигача, аммо базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб бериш ва бошқа қатор имтиёзлар берилмоқда.

Албатта мазкур қарорнинг қабул қилиниши нафақат Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларининг, балки бутун Оролбўйи тараққиётида муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Тажибай РОМАНОВ,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон

Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари.

ЎзА