Фарғонада Президентимизнинг 2023 йил 10 апрелдаги “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашда белгиланган асосий вазифалар ва келгусида амалга ошириладиган ишлар масаласига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Унда Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари Дилшод Султонов ва бошқалар мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, берилаётган имтиёзлар ҳақида тўхталди. Тадбиркорларга лойиҳаларни амалга ошириш учун талабгорлар шаффоф ва очиқ шартларда ташкил қилинадиган тендерлар асосида танланиши, инвестиция қийматининг 50 фоиздан кам бўлмаган қисми хусусий инвестор томонидан ва қолган қисми бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши ҳақида маълумот берилди. Шунингдек. лойиҳаларни бошқариш ва эксплуатация қилиш даври давомида хусусий шериклар томонидан кўрсатиладиган хизматлар давлат томонидан кафолатланган тарзда молиялаштирилиши, эксплуатация харажатлари йиллик тўловлар инфляция даражасида давлат бюджети ҳисобидан 10 йил муддатда индексация қилиниши, эксплуатация харажатлари калкуляциясида ҳар йили таннархга нисбатан 10 фоиз миқдорда рентабеллик кўзда тутилиши, амортизация суммаси ва соф фойда ҳисобига хусусий шерик киритган инвестиция харажатлари 5 йилда қопланиши, қолган 5 йил соф фойдага ишлаш имкониятлари ҳақида Марғилон шаҳридаги 11-мактаб мисолида тушунтириб берилди.

Шунингдек, учрашувда вилоятдаги иситиш қозонларини (котёл) ишлаб чиқарувчи ташкилот раҳбарлари ҳам сўз олиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлари сифати, тежамкор ва хавфсизлиги, афзалликлари хусусида тақдимотлар ўтказди. Учрашув давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан батафсил жавоб олди.
М.Сулаймонов,ЎзА