Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент қарори ижроси: амалиёт, таҳлил ва самара
16:27 / 2022-05-18

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали ташаббуси билан матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 майдаги “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида вилоятда қандай ишлар амалга оширилаётгани юзасидан маълумотлар берилди. 

Таъкидланганидек, мамлакатимизда 2020 йилдан бошлаб эксперимент тарзида, 2021 йил 1 январидан эса барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат фуқаролик хизмати лавозимларига ишга қабул қилишнинг очиқ танлов асосидаги тартиби жорий этилган. Вакант лавозимларнинг ягона очиқ портали (vacancy.argos.uz) орқали давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш борасидаги ишлари ҳақида маълумот берилиб, ушбу платформага 70 га яқин вазирлик ва идоралар тизимлари интеграция қилинган. 

Ўтган давр мобайнида Жиззах вилоятининг жами 14 та маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда 45 дан ортиқ давлат орган ва ташкилотларининг ҳудудий бўлимлари билан очиқ мустақил танловлар ташкил этилган. Айни пайтда, ҳудудий давлат органлари ва ташкилотларида 3 минг 93 та вакант ўрни учун танловлар якунланган бўлса, 532 та вакант ўрин учун танловлар ва 79 та бўш ўрин учун ҳужжатлар қабул қилиш давом этмоқда. Якунланган танловларда 29 минг 501 нафар номзоднинг аризалари кўриб чиқилган. Давом этаётган танловларга эса 4 минг 634 та ариза келиб тушган. 15 минг 430 нафар номзод танловнинг тест босқичига, 12 минг 677 нафари суҳбат босқичига ўтказилди. 1 минг 127 нафар танлов ғолиблари билан меҳнат шартномалари тузилган. 

Мурожаатлар билан ишлаш ва танлов иштирокчилари томонидан келиб тушаётган саволлар билан шуғулланиш мақсадида ҳар ҳафтанинг жума куни 1 соат давомида телеграм ижтимоий тармоғида онлайн очиқ мулоқот ташкил этилмоқда. 

Агентлик томонидан бугунги кунда вакант лавозимлар бўйича танловларни ташкил этиш борасида “vacancy.argos.uz”, миллий кадрлар захираси базаси юзасидан “kadrlar.argos.uz”, ходимлар самарадорлигини ошириш бўйича “kpi.argos.uz”, ходимлар малакасини ошириш бўйича “ilm.argos.uz” ва шу каби жами 18 та платформа ишга туширилгани, келгусида вазирлик ва идораларда, уларнинг қуйи тузилмаларида кадрлар сиёсатини юритиш, инсон ресурсларини бошқариш ҳолатини баҳолаб бориш бўйича “reyting.argos.uz” электрон платформаси ишга туширилиши, бу орқали ташкилотларнинг кадрлар билан ишлаш борасидаги фаолиятлари баҳолаб борилиши юзасидан батафсил ахборот берилди. 

Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди. 

А.Қаюмов, ЎзА