Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент қарори ижроси амалда ва назоратда
10:09 / 2023-07-31

Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудида ястаниб ётган Айдар-Арнасой кўллар тизимидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, биологик хилма-хилликни сақлаш, балиқчиликни ривожлантириш, шунингдек, табиий сув ҳавзаларида балиқларни кўпайтириш мақсадида сўнгги йилларда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 22 февралдаги “Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори доирасида қандай ишлар амалга оширилаётгани билан яқиндан танишиш мақсадида Жиззах вилояти прокуратураси билан ҳамкорликда хизмат сафарида бўлдик.  

Президентимизнинг 2022 йил 22 февралдаги юқорида номи зикр этилган қарори Айдар-Арнасой кўллар тизимидан самарали фойдаланиш, экологик ҳолатни яхшилаш, аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, ҳудудда ҳайвонот ва ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтириш, туризм салоҳиятидан тизимли фойдаланишни ташкил этиш мақсадида қабул қилинган.  

– Юртбошимизнинг ушбу қарори ижроси Жиззах вилояти прокуратураси томонидан доимий назоратга олинган бўлиб, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” давлат унитар корхонаси (ДУК) – Сув хўжалиги вазирлиги муассислигида “Айдар-Арнасой кўллар тизими” масъулияти чекланган жамияти (МЧЖ) сифатида қайта ташкил этилган, – дейди Жиззах вилояти прокуратураси Айдар-Арнасой кўллар тизимини ривожлантиришда қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи Ойбек Қосимов. – Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудида жойлашган Айдар-Арнасой кўллар тизимини белгиланган тартибда “Айдар-Арнасой кўллар тизими” МЧЖга балиқчилик тармоғини ривожлантириш учун доимий равишда танҳо фойдаланишга берилди. Мазкур МЧЖнинг бошқарув ходимлари тузилмаси ва низоми тасдиқланиб, давлат рўйхатидан ўтказилди.  

Хизмат сафари йўналишимизни “Арнасой” сув омбори томон бурдик. Дарвоқе, Айдар-Арнасой кўллар тизимининг “Арнасой” сув омбори ҳудудида бир йил муддатга балиқ овлашга рухсат этилмайди, чунки шунча муддатга мораторий эълон қилинган бўлиб, сув омбори ҳудудида балиқ овлаш қатъиян тақиқланган.  

Президентимизнинг ПҚ–141-сонли қарори 5-банди 2-хатбошига мувофиқ, “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК ҳисобидаги кредиторлик қарздорликлар Давлат солиқ қўмитасининг махсус жамғармаси ҳисобидан тўланиши белгиланган бўлиб, 26 миллиард 700 миллион сўм миқдордаги кредитор қарздорлиги тўлиқ ундирилди.  

“Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК балансидаги маъмурий бино-иншоотлар ва мол-мулклар эса “Айдар-Арнасой кўллар тизими” МЧЖ балансига ўтказилиши белгиланди. Умумий қиймати 30 миллиард 39 миллион 700 минг сўмлик маъмурий бино-иншоотлар ва мол-мулклар Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасининг 218-сонли буйруғига асосан “Айдар-Арнасой кўллар тизими” МЧЖ балансига ўтказилди. Муқаддам “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” ДУК билан тузилган ижара шартномалари 2022 йил 1 апрелида тўлиқ бекор қилинди.  

Шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан “Айдар-Арнасой кўллар тизими” МЧЖни белгиланган тартибда инвестиция киритиш шарти билан танлов асосида ноёб турдаги балиқларни етиштириш, сув ҳавзаларини балиқлантириш, балиқни қайта ишлаш технологияси ва тажрибасига эга маҳаллий инвесторга ишончли бошқарувига ўтказилган танловда “PRO FISH LINE” МЧЖга берилди.  

“Айдар-Арнасой кўллар тизими” МЧЖ ишончли бошқарувига берилган “PRO FISH LINE” МЧЖ томонидан кўллар тизимининг Тузкон кўли ҳудудида бугунги кунга келиб 20 тонна ёки 400 минг дона маҳаллий балиқ човоқлари билан балиқлантирилди. Маҳаллий инвестор томонидан кўллар тизими ҳудудида яшовчи ишсиз фуқароларнинг 300 га яқини “PRO FISH LINE” МЧЖга балиқчи сифатида ишга қабул қилинди ва уларнинг бандлиги таъминланди.  

Мазкур қарорга асосан, Жиззах ва Навоий вилоятлари прокуратураларида Айдар-Арнасой кўллар тизимини ривожлантиришда қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими ташкил этилиб, бугунги кунда мазкур бўлим томонидан балиқчиликни ривожлантириш бўйича бир қатор амалий ишлар бажарилмоқда.  

– Муҳтарам Президентимизнинг ушбу қарорига мувофиқ Бош прокурор, Ички ишлар вазири, Миллий Гвардия ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари қўмиталари раҳбарлари томонидан тасдиқланган “2022–2027 йилларда Айдар–Арнасой кўллар тизимида қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган ўзаро ҳамкорликдаги ҳаракатлар Дастури” ишлаб чиқилиб, ижроси бўйича балиқ овлаш таъқиқланган даврда мунтазам назорат рейд тадбирлари ўтказиб келинмоқда.  

Хусусан, Айдар – Арнасой кўллар тизими ҳудудида ноқонуний ов қилиш (браконьерлик) билан боғлиқ ҳолатлар жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида жами 205 ноқонуний балиқ овлаш ҳолати аниқланиб, 6 минг 628 килограмм балиқ 18 минг 100 метр тўр, 12 электр қармоқ, 61 қайиқ ва 30 бошқа инвентарлар олиб қўйилган, жиддий қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан прокуратура органлари томонидан 8 жиноят иши қўзғатилган, – дейди вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Ойбек Қосимов.  

Дарвоқе, 1 та ҳолатда сув объектларида қурилиш ишлари ва 4 та ҳолатда балиқчиликни ривожлантириш учун давлат бюджети ва тижорат банкларидан ажратилган кредит маблағларининг талон-тарож қилинганлиги аниқланган.  

Жорий йилнинг ўтган ярим йиллиги давомида вилоят прокуратураси органлари томонидан кўрсатилган амалий ёрдам ва ўтказилган текшириш ва таҳлилларда аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини қонуний ҳал қилиш чоралари кўрилиб, айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарлиги таъминланмоқда.  

– Булардан ташқари, амалдаги қонун талабларига зид бўлган қарор ва бошқа юридик аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларни бекор қилиш ёки қонун талабига мувофиқлаштириш бўйича 36 протест, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш борасида 16 тақдимнома киритилди. 11 нафар мансабдор шахс қонун бузилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисида расман огоҳлантирилди, 15 нафар шахс интизомий ва 11 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. Кўл ҳудудидаги ҳамда сунъий сув ҳавзалари атрофида қурилган ноқонуний қурилмаларни буздириш бўйича иқтисодий судларга 10 даъво ариза киритилди. Ўтказилган назорат тадбирларимиз давомида 19 нафар жисмоний ва 25 нафар юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Қўпол қонун бузилиш ҳолатлари бўйича 11 жиноят ишлари қўзғатилган, – дейди Ойбек Қосимов.  

Буларга қўшимча равишда яна шуни айтиш мумкинки, ноқонуний балиқ овлаш бўйича 5 жиноят иши қўзғатилган, ҳуқуқбузарларга нисбатан қўлланилган жариманинг 500 миллион сўмдан ортиғи давлат бюджети ҳисобига ундирилган.  

Мухтасар қилиб айтганда, Айдар -Арнасой кўллари тизимида ноқонуний балиқ овлаш ҳолатларига қарши вилоят прокуратураси самарали чора-тадбирларни мунтазам равишда амалга ошириб келинмоқда.  

А.ҚАЮМОВ,  

Ж.ЁРБЕКОВ (сурат) ЎзА