Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент қарори ижрода: олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчилари ўқишга қабул қилинди
15:40 / 2022-09-23

Республикамизда маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, хусусан маҳалладан чиқмай туриб барча хизматлардан фойдаланиш тамойили асосида давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар тақдим этилишига имкон яратиш мақсадида иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари ва уларнинг бугунги кундаги фаолияти ўзининг салмоқли натижаларини кўрсатмоқда.

Хусусан, Фарғона вилоятидаги жами 1052 та маҳаллада меҳнат қилаётган янги тизим вакиллари ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромади ва харид қобилиятини ошириш, манзилли ишлаш ва жойлардаги “ўсиш нуқталари”ни ҳаётга татбиқ этиш борасида зарур тажриба орттирди. 

Ҳоким ёрдамчиларига қулай шароитлар яратиш орқали уларнинг иш самарадорлигини ошириш йўлида эса муҳим ҳуқуқий мезонлар ҳам яратилди. Бу борада Президентимизнинг “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида” ги қарори ҳар бир ҳоким ёрдамчилари фаолияти ҳамда ҳаётига туб бурилишлар, янгидан янги имкониятлар олиб кирди.  

Фарғона давлат университетида давлатимиз раҳбарининг айнан ушбу қарори ижроси юзасидан муҳим вазифа амалга оширилди. 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиларини Фарғона давлат университетининг иқтисодий таълим йўналишларига давлат гранти асосида сиртқи таълим шаклига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилди.  

Мазкур топшириқ ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича Давлат комиссиясининг 2022 йил 6 августдаги 2-сон мажлис баёни 7-иловаси билан олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиларини давлат олий таълим муассасаларининг иқтисодий таълим йўналишларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тавсиясига кўра давлат грантида сиртқи таълим шаклига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби бўйича муваққат низом тасдиқланган. Мазкур низомга мувофиқ, Давлат тест марказининг махсус дастури орқали рўйхатдан ўтказилган ушбу тоифадаги ҳоким ёрдамчилари – яъни абитуриентларга суҳбатлар ўтказиладиган муддатлар тўғрисида хабар берилди. Қайд этилган низом талабаларига мувофиқ, университет раҳбарияти бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, суҳбатлар ўтказилди.  

Суҳбат жараёнида уларнинг кўзларидаги умид чўғи, сўзларидаги қатъийлик, қалбларидаги инсонпарварликни ҳис этиб, Муҳтарам Президентимиз билдираётган ишончни оқлашларига барчамизда ишонч пайдо бўлди. Айтиш керакки, республикамиз бўйича 9 минг 309 нафар ҳоким ёрдамчилари иш бошлади ва уларга кўмак бериш учун вазирликлардан 300 нафар раҳбар-ходимлар хизмат сафарига юборилди. Шунингдек, маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолияти ташкил этилиб, тизимга масъуллик ҳам белгилаб берилди. Эндиликда уларнинг давлат грантлари асосида олий таълимга эга бўлишлари  амалиётда катта тажриба тўплаган ушбу кадрлар билимларини миллий ва жаҳон андозалари асосида мустаҳкамлаш ҳамда бу орқали элимиз манфаатларини ҳамиша устун деб билган халқчил кадрлар захирасини яратиш имконини беради.  

Зеро, давлатимиз раҳбарининг “Ҳоким ёрдамчилари – Президентнинг маҳалладаги вакиллари ҳисобланади.” – дея таъкидлаган сўзлари бугун ёрдамчиларнинг ҳар бир қадамига шиддат ва ташаббусларига қанот бағишламоқда.  
 


Баҳодиржон Шермуҳаммедов, 
Фарғона давлат университети ректори 
ЎзА