Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 декабрдаги “Фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Энергетика вазирлиги Жиззах ва Тошкент вилоятларида умумий қуввати 2000 МВтга тенг бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича “Huaneng renewables Corporation” ва “Poly Technologies” компаниялар консорциуми билан ҳамкорлик ҳақида келишув имзолади.
Ушбу келишувга асосан “Huaneng renewables Corporation” ҳамда “Poly Technologies” компаниялари консорциуми томонидан Ўзбекистонга 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилади.
Жиззах ва Тошкент вилоятларида барпо этилиши режалаштирилган мазкур қуёш фотоэлектр станцияларининг илк қувватлари жорий йил якунига қадар ишга тушади. Станциялар келгуси 2024 йилда тўлиқ қувватда ишлайди. Эътиборга молик томони, ушбу қуёш фотоэлектр станцияларининг бунёд этилиши натижасида йилига 5 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 1,3 миллиард куб метр табиий газ тежалади.
Маълумот учун, жорий йил 15 февраль куни Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳам умумий қуввати 2000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича Хитойнинг “CEEC ENERGY CHINA” компанияси билан англашув меморандуми имзоланган.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА