Президентимизнинг 2022 йил 31 майдаги “Андижон давлат чет тиллар институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Мазкур ҳужжат андижонлик зиёлиларни, айниқса, хорижий тил мутахассисларини беҳад қувонтирди.
Чет тилларини ўқитиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни таълим тизимига жорий қилиш, чет тилларини мукаммал эгаллаган олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий тиллар бўйича филологлар, педагоглар, таржимонлар ва гид ҳамроҳларини тайёрлаш тизимини янада кенгайтириш мақсадида Андижон давлат университетининг хорижий тиллар факультети базасида ташкил этиладиган янги институт шубҳасиз, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Қарорда хорижий тиллар соҳаси бўйича олий маълумотли, илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланган. Ўқув жараёнида эса халқаро баҳолаш дастурлари (TALIS, PIRLS, PISA) ва стандартларидан фойдаланиш, ўқитиш ва баҳолашнинг замонавий шакллари, методлари ва технологияларини жорий этиш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлган педагогларни тайёрлаш, шунингдек, етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари жорий этиш ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш кўрсатилган.
Бундан ташқари, халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг амалдаги рейтингида олий таълим муассасалари орасида юқори 1 000 талик ўринни эгаллаган хорижий олий таълим муассасаларининг дастури асосида ўз таълим дастурларини шакллантириш, етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан мустақил равишда қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни жорий этиш вазифаси юкланган.
Институтда ўқув жараёнлари 2022-2023 ўқув йилидан бошланиши, талабаларга иккита хорижий тил бўйича квалификация берилиши белгиланган. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Андижон давлат университети ва унинг Педагогика институтига хорижий тиллар йўналишларида бакалавриат ва магистратура босқичларида кадрлар тайёрлаш бўйича ажратиладиган давлат буюртмаси квотаси 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб мазкур институтга йўналтирилиши белгиланган. Шунингдек, институтда гид ҳамроҳлиги ихтисослиги бўйича таржимон мутахассислар тайёрланишининг йўлга қўйилганлиги мамлакатимизда тобора ривожланиб бораётган туризм соҳаси учун малакали мутахассислар етказиб бериш имконини беради.
Қарорда институтга Андижон шаҳар, Бобуршоҳ кўчасидаги 5-уй манзилида жойлашган Андижон давлат университетининг ўқув биноларини ҳамда Бобуршоҳ кўчаси 20-уй манзилида жойлашган Андижон давлат университетининг талабалар турар жойи ва Хонобод шаҳри, “Кампирровот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги дам олиш маскани оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилиши кўрсатиб ўтилган. Умуман, институтнинг ташкил этилиши нафақат Андижон вилоятида, балки Фарғона водийси, қолаверса, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари учун ҳам хорижий тиллар бўйича олий маълумотли, малакали мутахассислар тайёрлаш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаради.
Шу ўринда айни кунда хорижий тиллар бўйича бўлажак мутахассислар таълим олаётган Андижон давлат университетининг хорижий тиллар факультети ҳақида қисқача маълумотлар келтириб ўтмоқчиман. Факультетда кундузги таълим бакалавриат йўналишида 2 минг 949 нафар талаба инглиз, немис ва француз тили ва адабиёти ихтисослиги бўйича таҳсил олади. Талабаларга 184 нафар профессор-ўқитувчи, шулардан 5 нафар фан доктори, профессор, 30 нафар фан номзоди ёки фалсафа доктори, доцент илмий унвонига эга мутахассислар таълим бермоқда. Факультетда 7 та кафедра ташкил этилган бўлиб, ўз йўналишлари бўйича самарали фаолият юритмоқда.
Олимларимиз томонидан инглиз тили ва адабиёти таълим йўналиши 1-босқич талабалари учун “Reading1”, “Writing1”, “Speaking1” ва “Listening1” номли дарсликлар тайёрланиб, ҳозирда факультетда синовдан ўтказилмоқда.
Факультетимизда профессор М. Умархўжаев раҳбарлигида Андижон луғатшунослик таржимашунослик илмий-амалий инновацион маркази ташкил этилган. Марказда илм-фан ютуқларини ривожлантириш, мультимедия ва электрон дарсликлар, интерфаол-ривожлантирувчи терминологик электрон ўқув луғатлари ва компьютер дастурий маҳсулотлари яратиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Дилшодбек РУСТАМОВ,
Андижон давлат университети чет тиллар факультети декани,
филология фанлари доктори, доцент
ЎзА