Сурхондарё вилояти маданият ва туризм бошқармаси бошлиғи Даврон Бобоёров раҳбарлигидаги делегация аъзолари қўшни Тожикистон Республикасида бўлиб, қадимий ва ҳамиша навқирон воҳанинг бой туристик салоҳияти тақдимотини ўтказди.
Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги туризмни ривожлантириш қўмитасида бўлиб ўтган учрашувда сайёҳлик соҳасида икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, “Термизийлар юртига саёҳат” дастури доирасида Сурхондарё вилоятига мароқли саёҳатлар уюштириш масалалари муҳокама этилди. Мамлакатимизда кейинги йилларда туризм хизматлари турларини кўпайтириш, ташқи, ички ва зиёрат туризмини кенгайтириш юзасидан ҳудудда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.


Президентимизнинг жорий йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида мустақил ҳамдўстлик давлатларидан камида 1 миллион турист жалб этиш юзасидан ҳамкорлик шартномаларини имзолаш вазифаси белгиланган. Шунга мувофиқ вилоят маданият ва туризм бошқармаси мутасаддилари ҳамда туроператор ва турагентлар қўшни мамлакат билан давлатларимиз ўртасидаги туристик алоқаларини янада ривожлантириш истиқболларини белгилаб олди.
– Қўшни давлатдаги ҳамкорларимиз воҳанинг бой зиёрат ва тиббиёт туризм йўналишларига, айниқса, катта қизиқиш билдирди, – деди вилоят маданият ва туризм бошқармаси бошлиғи Даврон Бобоёров. – Хусусан, Термиз туманидаги Ҳаким ат-Термизий, Султон Саодат, Шеробод туманидаги Исо Термизий мажмуалари, Омонхона ва Хўжаипок шифобахш сувлари ва бошқа қатор муқаддас зиёратгоҳ ҳамда археологик ёдгорликларга саёҳатлар ташкил этиш истагини билдирди.


Президентларимизнинг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон ҳамда Тожикистон Республикалари ўртасидаги муносабатлар янги босқичда ривожланиб бормоқда. Аслида давлатларимиз халқларини кўп асрлик тарих, маданият ва маънавий қадриятлар, ўзаро ҳурмат, қуда-андачилик ҳамда ишончли қўшничиликнинг ўтмишдаги анъаналари бирлаштириб туради. Тарихи олис-олисга бориб тақаладиган бундай анъаналаримиз Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги яқин муносабатлар учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзаро ҳамкорлик ва яқин қўшничилик алоқаларимиз сўнгги йиллардаги борди-келди муносабатларимиз янада мустаҳкамланганида ҳам кенг намоён бўлмоқда.


–Вилоятимизни қўшни давлат билан боғлайдиган назорат-ўтказиш пунктлари қайта очилиб, виза тартибининг бекор қилингани мамлакатларимиз сайёҳлик салоҳиятини оширишга катта имконият яратди, – дейди “Зодак Касаба Сайр тур” фирмаси раҳбари Зафар Намозов. – Табиийки, учрашув чоғида ҳамкасбларимиз Тожикистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида бизга ҳам талайгина маълумот берди. Туристик пакетларини тақдим этди. Бу вилоятдан қўшни давлатга саёҳатга борувчилар сафини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Қўшни давлатдан воҳага келувчилар ва Тожикистонга саёҳатга чиқувчилар учун транспорт қатновлари йўлга қўйилгани бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширади.
Учрашувлар якунида вилоят делегацияси Тожикистон туризмни ривожлантириш қўмитаси билан сайёҳлик соҳасида икки томонлама алоқаларни янги босқичда юксалтириш, “Термизийлар юртига саёҳат” дастури доирасида жанубдаги воҳага тожикистонлик 100 минг нафар туристнинг саёҳатини ташкил этиш бўйича келишув меморандумини имзолади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири