Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент қарори амалда: Қоракўл туманида 138 та янги боғча қурилди
14:48 / 2022-05-07

Бухоро вилояти Қоракўл тумани 3-сектор ҳудудидаги “Арна” маҳалла фуқаролар йиғинида 120 ўринли давлат мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.

“Арна” маҳала фуқаролар йиғини ҳудудда 3-7 ёшгача бўлган болалар сони 264 нафарни ташкил этади. МТТ эски мослаштирилган бинода фаолият юритган. Бино 1967 йилда қурилган. Шу кунга қадар  бу ерда 60 нафар бола қамраб олинган. 

Мактабгача таълим муассасасининг замонавий усулда бунёд этилган янги биноси очилиши маросимида туман ҳокими Хуршид Тоҳиров бошчилигидаги сектор раҳбарлари, туман мактабгача таълим бўлими ходимлари, ота-оналар, нуронийлар ҳамда маҳалла фаоллари қатнашди.

Инвестиция дастури асосида “Умар бобо” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилган боғча қурилишига 3 миллиард 133 миллион сўм маблағ сарфланди. Замонавий масканнинг иш бошлаганидан нафақат болажонлар, ота-оналар ҳам баҳад мамнун бўлмоқда. 

– Болажонлар учун барча қулайлик яратилган, – дейди боғча мудираси Маъмура Мавлонова. – Кенг, шинам ётоқхона, ошхона, машғулотлар хоналари, болаларбоп мебель жиҳозлари, ранг-баранг ўйинчоқ ва кўргазмали қуроллар болажонлар ихтиёрида. Ҳовлида болажонлар учун ёзги ўйин майдони барпо этилиб, замонавий усулда жиҳозланган. 

Очилиш маросимидан сўнг тадбир иштирокчилари муассасада тарбияланувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.

– Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, айниқса, чекка қишлоқ туманларига бераётган эътиборидан биз, бобо-бувилар беҳад мамнунмиз, – дейди маҳалла фаоли Раҳмон Хидиров. – Шу эътибор туфайли маҳалламизда замонавий мактабгача таълим муассасаси барпо этилди. Янги муассасада болаларни ҳар томонлама баркамол тарбиялаш, мактабга тайёрлаш учун барча шароитлар бор. Энди худди шаҳарлардагидек, бизнинг болаларимиз ҳам инглиз, рус тилини, мусиқа ва расм чизишни ўрганади. 

– Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Қоракўл туманида жами 138 та ( 95 та оилавий, 10 та давлат шерикчилик асосида) мактабгача таълим муассасалари барпо этилди, – дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Маҳмуд Қуллиев. – 33 та давлат мактабгача таълим муассасаси қайта реконструкция қилинди. Бу йўналишдаги ишлар 2022 йилда ҳам давом эттирилмоқда. Яқин бир ой ичида 10 та янги боғчалар фойдаланишга топширилади. Туманда 3-6 ёшли 13 минг 340 нафар болаларнинг 8 минг 651 нафари давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. 

Зариф Комилов, 
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА