Дунёдаги мураккаб вазият, энергоресурслар билан боғлиқ муаммолар, ишлаб чиқариш занжирларидаги узилишлар сабаб мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида ҳам бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилди. Мазкур ҳужжатда банк тизимига тааллуқли бир қатор муҳим топшириқлар ҳам бор. Шунга кўра Марказий банк бошқарувининг махсус қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган семинар ҳам худди шу масалага бағишланди. Тадбирда тижорат банклари раҳбарлари, тадбиркорлар, Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси, Қуёш панелларини етказиб берувчи таъминотчи корхоналар ва шу соҳага бевосита боғлиқ бўлган ташкилотларнинг тегишли вакиллари иштирок этди.
Семинарда республикадаги тижорат банклари томонидан қуёш панелларига ажратилаётган кредитлар, уларнинг афзалликлари хусусида маълумот берилди. Шунингдек, тадбирда банклар томонидан қуёш панелларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш юзасидан тақдимот ўтказилди.
[gallery-11354]
– Йиғилишда биз тадбиркорларга қулай имтиёзлар яратилаётганига амин бўлдик, – дейди “Petrilium System” МЧЖ Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси раҳбари Нуриддин Зокиров. – Тижорат банкларининг Электр муқобил энергияси яъни яшил энергия бўйича ўзларининг кредит маҳсулотлари, Солиқ бошқармаси вакиллари томонидан қўлланилаётган имтиёзлар билан танишдик ҳамда таъминотчи корхоналарнинг тақдимотида кўплаб афзалликларга эга бўлган қуёш энергиясидан фойдаланиш электр панеллари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдик. Шахсан мен ушбу тадбирдан сўнг таъминотчи корхоналарнинг бири билан шартнома тузиб “яшил энергия”дан фойдаланиш истагим борлигини билдирдим.
Шунингдек, семинарда молиялаштиришга зарур бўлган ресурсларни, жумладан, хорижий кредит линияларини жалб этиш, уларни бошқа тижорат банкларига қайта молиялаштириш чораларини кўриш, доимий тарзда ҳудудларга чиққан ҳолда мавжуд тизимли ва тадбиркорларнинг индивидуал муаммоларини ўрганиш, банкнинг ҳар бир филиали кесимида мижозлар билан ишлаш чора-тадбирлар режасини тайёрлаш тўғрисида алоҳида сўз юритилди.
– Мақсад тадбиркорларга, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектларга қуёш панелларини ўрнатиш, кичик фото электростанцияларни барпо этиш бўйича тижорат банклари томонидан кредит маҳсулотларини тақдим қилиш, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ Тошкент шаҳар Бош бошқармаси Давлат дастурлари билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Абдураҳим Гапуров. – Кредит маҳсулотлари нафақат юридик шахслар балки жисмоний шахслар учун ҳам ишлаб чиқилган. Бунда хонадон эгалари таклиф этилаётган кредит маҳсулотлари эвазига қуёш панелларини сотиб олиши ва муқобил электр энергия тизимидан фойдаланиши мумкин. Қолаверса, ҳар бир фуқаро банклар томонидан тақдим этилаётган “яшил энергия” банк молия продуктлари ҳақида банкларнинг расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали маълумот олиш имконига эга.
Нилуфар Бозорова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА