Жиззахда таълим билан саноат ўртасидаги масофа тобора қисқариб бормоқда. Бу гал гап навбатдаги расмий келишув ҳақида эмас, балки ёшларнинг эртанги иш ўрни, корхоналарнинг барқарор кадрлар манбаи ва ҳудуд иқтисодиётининг узоқ муддатли ривожи ҳақида кетмоқда.
Жиззах шаҳрида касбий таълим тизимини замон талабларига мослаштиришга қаратилган тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлигининг вилоят бошқармаси, Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳамда 10 та йирик саноат корхонаси ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Ушбу келишувлар Президентнинг 2025 йил 23 октябрда қабул қилинган “Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросининг амалий ифодаси бўлди.
Ҳужжатларда белгиланган асосий мақсад аниқ: касбий таълимни иш берувчилар эҳтиёжига мослаштириш, ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини кучайтириш ва дуал таълим улушини 40 фоизга етказишдир.
[gallery-27565]
Ҳамкорликка BYD Uzbekistan Factory, ADM Jizzakh, Artel Electronics Zomin, Roison Home White Goods, Basalt Wool, Toshtepa Tekstil, Paxtakor Teks каби йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг жалб этилгани мазкур ташаббусга ишончни янада мустаҳкамлайди. Келишувларга мувофиқ, техникум ўқувчилари корхоналарда замонавий ва хавфсиз ишлаб чиқариш амалиётидан ўтади, дуал таълим дастурини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар эса иш ўринлари билан таъминланади. Шунингдек, ишлаб чиқариш таълими усталари учун корхоналарда стажировка ташкил этилади.
Эътиборли жиҳати шундаки, Савдо-саноат палатаси дуал таълим жараёнига қўшилган корхоналарни имтиёзли кредитлар орқали қўллаб-қувватлашни ҳам назарда тутмоқда. Белгиланган шартга кўра, ҳар 1 миллиард сўм кредит эвазига камида 5 нафар ўқувчини тайёрлаш мажбурияти юкланади. Меморандумлар 2030 йил охиригача амал қилиб, ҳар йили натижалар бўйича ҳисобот учрашувлари ўтказилади.
Мутахассислар фикрича, бу ҳамкорлик нафақат таълим сифатини оширади, балки Жиззах вилоятида ишсизликни қисқартириш, ёшларни аниқ касбга йўналтириш ва саноат корхоналарини малакали кадрлар билан таъминлашда муҳим омилга айланади.
Қисқача айтганда, Жиззахда шаклланаётган ушбу модель — таълим ва ишлаб чиқариш манфаатлари уйғунлашган, амалий натижага қаратилган янги ёндашувдир. Бу эса ҳудуд тараққиёти учун ишончли сармоядир.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари