Қишлоқ жойларида оғир шароитда яшаётган оилалар, кам таъминланган ва ишсиз фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор ўз самарасини бераётир.
Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширди. Бухоро вилояти Ғиждувон туманида мазкур ҳужжат ижроси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар бунга яққол мисолдир.
Жумладан, туманда захирага қайтарилган ер майдонларидан 10 сотихдан 1 гектаргача бўлган экин ери деҳқон хўжалиги ташкил этган ҳолда алоҳида тоифаланган оилаларга сабзавот, полиз маҳсулотлари, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш учун берилмоқда. Узоқ муддатга, яъни 10 йилга ижарага берилаётган бу экин майдони биринчи навбатда маҳаллада “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган фуқаролар ва туман маҳаллаларидаги ишсиз аҳолига ўрганишлар асосида тақсимлаб берилмоқда.
Соҳа мутасаддиларининг таъкидлашича, 2022 йилда 682 гектар ер майдони 5 минг 218 нафар фуқарога берилади. Уларга уруғ, минерал ўғит таъминоти ва экиш жараёнида фермер хўжаликлари томонидан яқиндан кўмаклашилади.
Ғиждувон туманидаги тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.
“Садбарг” хусусий корхонаси раҳбари Садриддин Салихов ташаббуси билан “Кўкча” массивидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 3 минг 500 гектар ер майдонида пахта етиштириш режалаштирилган. Тадбиркор пахта тозалаш заводи қуриш, хориждан 10 минг бош зотдор қорамол олиб келиб кўпайтириш учун алоҳида чорва мажмуаси барпо этиш, гўшт ва сутни қайта ишлаш цехларини қуришни мақсад қилган. Мазкур лойиҳалар асосида туманга 98 миллиард сўм инвестиция киритилади. Ишлаб чиқаришни барқарор йўлга қўйиш эвазига 19 миллион АҚШ доллари миқдорида тайёр маҳсулот экспорт қилинади. Энг муҳими 200 нафардан зиёд маҳаллий аҳоли ишли бўлади.
Тумандаги "Мингчинор агрофирма" масъулияти чекланган жамияти томонидан қуёнчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда 10 минг бош қуён олиб келиш, 500 гектар ер майдонини қуёнчиликни ривожлантириш ва озуқа етиштириш учун ажратиш, хонадон эгалари ўртасида қуёнчилик, паррандачиликни ривожлантириш бўйича тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.
Туманнинг “Шарқ” маҳалла фуқаролар йиғини Юсуф Ҳамадоний кўчасидаги 210-уйда яшовчи Оқил Қудратов уйида хонаки паррандачилик тармоғини ташкил этган. Бу ерда 100 ва 440 дона тухум сиғимига эга ихчам ва самарали инкубаториялар, 250 бош товуқ, 100 бош бедана ва “Бек олти” зотли куркалар парваришланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА