Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент қарори амалда: “Беш ташаббус олимпиадаси” қизғин тус олмоқда
15:24 / 2023-06-06

Президентимизнинг 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан ташкил этилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” барча жойларда қизғин тус олмоқда. Бундан кўзланган мақсад ёшларнинг бўш вақтини унумли ва мазмунли ўтказишдир.

Мазкур тизим енгил атлетика, шахмат-шашка, стол тенниси, стритбол, миллий кураш, минифутбол каби ўн битта спорт тури бўйича мусобақалар, шунингдек “Ёш китобхон”, “Заковат” клуби, “Қувноқлар ва зукколар”, “Миллий ва замонавий чолғулар” ҳамда рақс танловларини ўз ичига олган. Энди улар қаторига ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутувчи тикувчилик, сартарошлик, ошпазлик, қандолатчилик, ҳунармандчилик йўналишлари ҳам киритилди. Кўча, маҳалла, сектор, туман, вилоят ва Республика бўйича уюштирилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг биринчи мавсумида 359 минг 518 нафар наманганлик ёш ўғил-қиз иштирок этди.  

Мусобақанинг ўтган йилдаги Республика босқичида Наманган вилоятидан 45 нафар иқтидор соҳиби ғолибликни қўлга киритди. Маҳалла ёшларининг қизиқишларини инобатга олиб, 16-30 ёшлилар орасида спортнинг футбол, минифутбол турлари бўйича Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубоги учун мусобақалар ўтказилмоқда.  

Мазкур мусобақаларда вилоятдаги 788 маҳаллада жамоалар шакллантирилиб, жами 21 минг 455 нафар ёш қамраб олинди. Шу билан бирга, аёллар ўртасида ҳам алоҳида турнир ташкил этилмоқда.

Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида спортнинг стол тенниси бўйича мусобақа ўтказилди. Унда 16-21, 22-26, 27-30 ёшли эркак ва аёллар тоифасидаги беллашувларда 84 ҳаваскор спортчи қатнашди. Эпчиллик, чаққонлик ва ақлий ёндашувни тақозо қиладиган ўйинлар натижаларига кўра, хотин-қизлар ўртасида 15-21 ёшлилар орасида Янгиқўрғон туманидан Рухшона Тўрабоева ғолиб, деб топилди. 22-26 ёшлилар орасида яна бир янгиқўрғонлик Паризода Умаралиевага тенг келадиган рақиб топилмади. 27-30 ёшлилар орасида эса Поп туманидан Элмира Эшонхонова энг юқори натижани қайд этди.  

Ўсмирлар ва эркаклар ўртасида 15-21 ёшлилар орасида учқўрғонлик Аҳрор Каримов зафар қучди. 22-26 ёшлилар ўртасида яна бир учқўрғонлик Шерзод Ҳабибуллаев ғалаба қозонди. 27-30 ёшлилар баҳсида Наманган шаҳридан Қобил Нуриддинов ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори чўққисига кўтарилди.  

Мусобақанинг ғолиб-совриндорлари Наманган вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан диплом, медаллар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА