Президент Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги кичик саноат зонасида жойлашган “UzShoes” қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.
Маълумки, Қашқадарёда чарм хомашёси кўп. Давлатимиз раҳбари вилоятга аввалги ташрифи чоғида бу имкониятдан фойдаланиб, чарм маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берган эди. Шундан сўнг ҳудудда 4 та лойиҳа ишга туширилди.
Хусусан, “UzShoes” корхонаси беларуслик ишбилармонлар билан ҳамкорликда 6 миллион доллар эвазига ташкил этилди. Корхонага Германия, Италия ва Австриядан ускуна ва жиҳозлар келтириб ўрнатилди. 350 та иш ўрни яратилди.
Корхона йилига 500 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқариш қувватига эга. Бугунги кунда эркаклар, аёллар ва болалар учун 10 турдаги чарм пойабзаллар тайёрланмоқда. Сифатли ва чиройли бу маҳсулотлар импорт ўрнини бемалол босади.
Шу билан бирга, Қаршида тикилган пойабзаллар Европа мамлакатларидаги 100 дан ортиқ савдо дўконларида сотилмоқда. Шунингдек, қўшни давлатлар ва Ҳиндистон билан келишувларга эришилган.
Давлатимиз раҳбари пойабзалларни тайёрлаш жараёнини кўздан кечирди, шу ерда ишлаётган хотин-қизлар билан суҳбатлашди.
Шунингдек, Президент Қарши шаҳрида спорт таълими бўйича тақдимот билан танишди. Спортни ривожлантириш вазири ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича 1 апрель куни ўтказилган йиғилишдаги вазифалар ижроси тўғрисида ҳисобот берди. Мутасаддиларга чет эллик мутахассисларни жалб этиб, селекция ишлари ва ўқув дастурини тўғри шакллантириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.