Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент порталига 2019 йилда мурожаат қилган фуқаронинг иши 2021 йилда ҳал бўлди
09:49 / 2021-01-25

Бир энлик ҳужжат инсон тақдирини белгилашини Китоб туманида истиқомат қилувчи Қурбон Ҳалимов 3 нафар фарзандига туғилганлик гувоҳномасини ололмаганидан сўнг тушуниб етди.

Муаммо фарзандларининг Россия давлатида дунёга келганидан бошланди. Россияда болаларнинг туғилиш ҳолати қайд этилиб, тегишли тартибда уларга гувоҳномалар ҳам берилган. Бироқ, тақдир тақозоси билан ўз юртига қайтишни қарор қилган Қурбон ака йиллар ўтиб, болаларининг келажагида ҳужжат билан боғлиқ муаммолар келиб чиқишини хаёлига ҳам келтирмаган.

Оила Ўзбекистонга қайтганидан сўнг, тушунмовчилик ва ҳаётий қийинчиликлар сабабми, Қурбон аканинг турмуш ўртоғи болаларини қолдириб, ўз юртига қайтиб кетган.  

Ҳаёт давом этади, Қурбон ака бошқа оила қуриб, иккинчи оиласидан фарзанд кўрди. Қайтган вақтларида болалар ёш бўлишгани сабаблими ёки зарурат бўлмаганлиги туфайлими, гувоҳномалари бор-йўқлигига аҳамият беришмаган.  

Йиллар ўтиб, катта фарзандларининг бўйи етиб, фуқаролик паспортини олиш вақти келганда, гувоҳномаларнинг асли йўқлиги, фақатгина нусхаси сақланиб қолганини билган оила, болаларнинг гувоҳномасини тиклаш учун ҳаракат қила бошлашди.

Аслида фуқаронинг биринчи никоҳи қонуний расмийлаштирилмай, 3 нафар катта фарзанд ёлғиз она сифатида рўйхатга олиниб, гувоҳнома берилган. Шу сабабли такрорий равишда гувоҳномаларнинг аслини олишда бир қанча муаммолар келиб чиқди.

2013 йилдан бери шу масалада ёрдам сўраб маҳалла раисига, туман ФҲДЁ бўлими ва адлия бўлимига, прокуратура бўлимларига мурожаат қилишди. Қурбон ака бормаган ташкилоти, ёрдам сўрамаган идораси қолмади ҳисоб. Охири тоқати тоқ бўлиб, 2019 йилда Президент виртуал қабулхонасига қўнғироқ қилган.

Уларнинг мурожаатини ДХА Қашқадарё вилоят бошқармасининг масъул ходими ўрганиб, Россия Федерациясига мурожаатчининг 3 нафар боласининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг такрорий нусхасини юборишни сўраб, сўровнома юборган.  

Бироқ ушбу сўровноманинг жавоби салкам бир йил деганда етиб келган. 2020 йилнинг бошларида келган жуда узоқ кутилган жавобда афсуски суровнома рад этилгани, Россия Федерацияси қонунчилик талабларига кўра, такрорий гувоҳномалар ота-онанинг бирининг сўровига асосан ёки яшаб турган жойидаги васийлик ва ҳомийлик органининг сўровига асосан берилишини қайд этилган эди.

ДХА Қашқадарё вилоят бошқармаси ҳолат юзасидан биринчи сўровномага рад жавобини олгани сабабли Китоб туман васийлик ва ҳомийлик кенгаши билан ҳамкорликда қайта сўровнома тайёрлайди. Бироқ 2020 йилда жорий қилинган карантин, қолаверса, қоғоз кўринишидаги ҳужжатларни юбориш тўхтатилгани сабабли бу сўровнома ҳам манзилигача етиб бора олмади. Минск ва Кишинев Конвенциялари доирасида кўриб чиқилаётган жуда кўплаб масалаларнинг 80 фоизидан ортиғи ФҲДЁ органларига тегишлидир.

МАСАЛАНИНГ ҲУҚУҚИЙ ТОМОНИ...

Шу ўринда масаланинг ҳуқуқий томонига эътиборинизни қаратсак. Қўшимча харажатлар, суд жараёнларининг ва ваколатли органларнинг сўровларни кўриб чиқиши учун маълум вақт талаб қилиниши туфайли жавобларнинг кечиктирилиши каби фуқароларга келиб чиқаётган ноқулайликларнинг олдини олиш мақсадида 2020 йилнинг 17 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–4895-сон “1993 йил 22 январдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенция ва 2002 йил 7 октябрдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенция қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга асосан Минск ва Кишинев Конвенцияларига аъзо давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари рўйхатлари тасдиқланди.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш ҳақида ҳужжатларни юбориш бўйича сўровларни жўнатиш ва кўриб чиқиш ҳамда юридик шахслар ва бошқа тадбиркорлик субъектларининг рўйхатдан ўтганлиги билан боғлиқ маълумотларни талаб қилиб олиш бўйича сўровларни жўнатиш ва кўриб чиқишга Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ваколатли орган этиб белгиланди.

Эндиликда агентликнинг тегишли буйруғи билан мазкур Конвенциялар доирасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун Агентликнинг ҳудудий бошқармалари масъул этиб белгиланди. Ушбу ваколатдан фойдаланган ҳолда ДХА Қашқадарё вилоят бошқармаси қайта шакллантирилган сўровномани 2020 йил декабрь ойида тўғридан-тўғри Россия Федерацияси Омск шаҳрининг ФҲДЁ бўлимига юбориб, жавобини бир ойда олиш имконига эга бўлди.

2013 йилдан бери фарзандларига такрорий гувоҳнома олишда сарсон бўлган ва 2019 йилда Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилган Қурбон аканинг иши ва ниҳоят ҳал бўлди. Энди унинг 3 нафар фарзандининг туғилганлик гувоҳномалари бор!  

Фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларини олар экан, Қурбон ака фақат бир нарсадан афсус чекишини билдирди: “Мен болаларимнинг ҳужжатига беэътибор бўлдим. Энди катта фарзандим ўз орзусига кечикиб эришадиган бўлди. Метрикасининг асли йўқлиги учун унга паспорт ҳам ололмадик, у ўқишга топшира олмади. Бунга албатта мени лоқайдлигим сабаб бўлди дейишим мумкин”, деди Қурбон ака.

Моҳидил Равшанова,

ДХА Қашқадарё вилоят бошқармаси

Ахборот хизмати