Бугун, 11 февраль куни пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” ҳамда “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларини ташкил этиш масалаларига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Йиғилишда Спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси мутасадди раҳбарлари ҳамда мутахассислари иштирок этди.
Тақдимот давомида жорий йил режалаштирилган мусобақаларни юқори савияда ва намунали тарзда ташкил этиш бўйича муҳим жиҳатлар муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, мусобақалар 3 босқичда ўтказилади:
— 25 мартдан 30 апрелга қадар — “Минтақа биринчилиги” босқичи - 12 та спорт тури бўйича,
— май–июнь ойларида — “Ҳудуд мусобақалари” - 19 та спорт тури бўйича,
—сентябрь–октябрь ойларида — “Президент Олимпиадаси” - 21 та спорт тури бўйича ташкил этилади.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган мазкур мусобақалар мамлакатимиздаги иқтидорли ёш спортчиларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва катта спортга жалб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Тақдимот якунида мутахассислар томонидан мусобақаларни юқори даражада, уюшқоқлик ва масъулият билан ташкил этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА