Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Президент олимпиадаси”да пойтахтлик спортчилар етакчи
16:14 / 2025-12-02

Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да “Президент олимпиадаси” баҳслари давом этмоқда. Мусобақа доирасида бокс, эркин кураш, таэквондо WT, оғир атлетика, енгил атлетика, юнон-рум кураши ва бадиий гимнастика спорт турлари бўйича баҳслар якунланди.

Ушбу беллашувлар якунига кўра, Тошкент шаҳри жамоаси 39 олтин, 29 кумуш, 17 бронза жами 85 медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда бормоқда. Тошкент вилояти спортчилари эса 13 та олтин, 6 та кумуш ва 26 та бронза билан иккинчи ўринда қайд этилган бўлса, хоразмлик ёш йигит-қизлар 8 та олтин, 6 та кумуш ва 19 та бронза тўплаб, кучли учликни якунлади.

Бугун, 2 декабрь куни “Президент олимпиадаси” дзюдо ва 3х3 баскетбол спорт турлари бўйича беллашувларга старт берилди.

[gallery-26508]

Жумладан, "Яккакураш спорт турлари" спорт мажмуасида ўтаётган дзюдо баҳсларида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган ёш полвонлар жами 16 та вазнда медаллар учун рақобатлашмоқда.  

Баҳсларнинг илк кунида қизлар, -40 кг, - 44 кг, йигитлар эса -50 кг, -55 кг, -60 кг вазн тоифаларида беллашди. 3 декабрь куни эса дзюдочи қизлар -48 кг, - 52 кг, - 57 кг, ўғил болалар эса - 66 кг, -73 кг вазн тоифаларида татамига чиқадиган бўлди. Дзюдо мусобақалари 4 декабрь кунига қадар давом этади.

3х3 баскетбол бўйича бугун ва эртага гуруҳ ҳамда плей-офф босқичлари ўтказилса, ярим финал ва финал баҳслари 3 декабрь куни бўлиб ўтади.  

Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, “Президент олимпиадаси” мусобақаларининг сўнгги кунида стол тенниси бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланади ҳамда 5 декабрь куни тантанали ёпилиш маросими ўтказилади.

Жавоҳир Тошхўжаев, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА мухбирлари