Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Президент олимпиадаси”да медаль жамғариш бўйича қайси ҳудудлар етакчилик қилмоқда?
14:05 / 2025-11-27

Мамлакатимиз ёшлари ҳаётида янги даврни бошлаб берган “Президент олимпиадаси” спорт мусобақаларининг муросасиз беллашувлари қизғин давом этмоқда.

Шу кунларда "Олимпия шаҳарчаси"да бокс, эркин ва аёллар кураши, Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турлари марказида оғир атлетика, Гимнастикага ихтисослаштирилган республика болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари мактабида бадиий гимнастика баҳсларининг турли йўналишларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Хўш, ўнта спорт тури бўйича ташкил этилаётган “Президент олимпиадаси”нинг ортда қолган тўртинчи мусобақалар кунидан сўнг ҳудудий жамоаларнинг медаллар жамғариш ҳолати қай кўринишда?

Спорт вазирлиги маълумотига кўра, бешинчи мусобақалар куни остонасида Тошкент шаҳри спортчи ёшлари 9 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медали билан етакчилик қилмоқда. 2-ўринда бораётган Хоразм вилояти вакиллари ҳисобида 5 та олтин, 3 та кумуш, 7 та бронза медаллари мавжуд. Кучли учликка якун ясаган Навоий вилояти жамоаси 4 та олтин, 3 та кумуш, 8 та бронза медали жамғаришга муваффақ бўлган. Шунингдек, сурхондарёлик спортчи ёшлар 4 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медали билан етакчиларни таъқиб этмоқда.

Айтиш лозим, бугунгача эркин кураш ва бадиий гимнастика спорт турлари бўйича баҳслар поёнига етган бўлса, оғир атлетика, юнон-рум ва аёллар кураши, бокс, енгил атлетика спорт турларида мусобақалар давом этмоқда.

“Президент олимпиадаси” дастуридан ўрин олган таэквондо баҳслари 29 ноябрдан старт олса, 30 декабрдан баскетбол (3х3), 1 декабрдан дзюдо, 2 декабрдан стол тенниси ўйинлари бошланади.

Демак, умумжамоадаги совринли ўринлар учун муросасиз курашлар ҳали олдинда.

Эслатиб ўтамиз, 15-17 ёшдаги мамлакатимизнинг умидли спортчилари иштирок этаётган "Президент олимпиадаси" ўйинлари 5 декабрга қадар давом этади.

Т.Рўзиев,

ЎзА