Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Президент олимпиадаси” ёш спортчиларни янги ғалабалар сари бошлайди
10:12 / 2025-12-04

Пойтахтимиздаги "Олимпия шаҳарчаси"да “Президент олимпиадаси” спорт ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Янги Ўзбекистон спортида янги юксалиш даврини бошлаб берган “Президент олимпиадаси” ўйинларининг 10 кунлик шиддатли беллашувлари тарихга айланди.

3 минг нафарга яқин энг сара спортчилар пойтахтимизда ўтган “Президент олимпиадаси” ўйинларининг финал босқичида ўз маҳорати ва истеъдодини намойиш этди.

[gallery-26546]

Мамлакатимиз спортига янгича тизимни олиб кирган мазкур комплекс мусобақаларнинг очилиш тадбирлари қанчалик тантанали кечган бўлса, унинг ёпилиш маросими, совриндорларни тақдирлаш жараёнлари ҳам ўзгача руҳиятда ўтдики, бу, улкан мақсадларни қалбига жо этган истеъдодлар руҳиятига кўтаринкилик бағишлади.

Тантаналар давомида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Президент олимпиадаси” ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари ҳамда барча иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.

Президент табригида таъкидланганидек, ўйинлар ёшларимиз қалбига Олимпиада руҳи, Олимпиада ғояларини олиб кириши, жаҳон ареналари сари дадил боришда катта тажриба ва маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Мазкур мусобақалар тизими келгусида янада такомиллаштирилиб, унинг таркибига сув спорти, велоспорт, триатлон, қиличбозлик ва жамоавий спорт турлари киритилиши назарда тутилаётгани маҳоратли ёшлар қамрови янада ортишидан далолат бермоқда.

Маросимда турли номинацияларда ғолиб деб топилганлар ўз мукофотларини қабул қилиб олишди.

— “Энг ёш иқтидорли спортчилар”: Қамариддин Худойберганов (Тошкент ш., юнон-рум кураши) ва Рушанабону Исоева (бокс, Бухоро).

— “Рекорд натижа қайд этган спортчи”: Шаҳноза Ҳайдарова (оғир атлетика).

— “Энг намунали тренер”: Шуҳрат Алижонов, Сурхондарё вилояти оғир атлетика бўйича мураббий.

— “Энг яхши ҳакам”: Дмитрий Ким (таэквондо WТ).

— “Ғалабага бўлган юксак иродаси ва жамоавий бирдамлиги учун”: Қорақалпоғистон Республикаси.

— “Спортчиларга энг намунали шароит яратган ҳудуд”: Андижон вилояти.

— “Оғир атлетика спорт турида лидер бўлган делегация”: Сурхондарё вилояти.

— “Енгил атлетика спорт турида лидер бўлган делегация”: Сирдарё вилояти.

— “Таэквондо WТ спорт тури жадал ривожланаётган ҳудуд”: Жиззах вилояти.

— “Медаль жамғарган спорт мактаблари энг кўп бўлган ҳудудий делегация”: Фарғона вилояти.

— “Спорт турлари географиясини кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшаётган ҳудуд”: Самарқанд вилояти.

— “Мухлислар меҳрини қозонган делегация”: Наманган вилояти.

— Иштирокчилар таркибида гендер тенглиги таъминланган делегация”: Қашқадарё вилояти.

— “Истиқболли делегация”: Навоий вилояти.

— “Намунали ташкилотчилиги учун”: Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси, Ўзбекистон бокс федерацияси, Ўзбекистон дзюдо федерацияси, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси.

Умумжамоа ҳисобида ғолиб ва совриндор бўлган ҳудудий спорт делегациялари:

1-ўрин: Тошкент шаҳри (26 та олтин, 15 та кумуш, 12 та бронза).

2-ўрин: Тошкент вилояти (18 та олтин, 8 та кумуш, 30 та бронза).

3-ўрин: Хоразм вилояти ( 16 та олтин, 12 та кумуш, 24 та бронза).

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш тантаналарида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов иштирок этди.

Т.Рўзиев,

А.Мамадаминов (сурат),

ЎзА мухбирлари