Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади.
Мажлисни кириш сўзи билан очган Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов ўтган ҳафта давомида мамлакатимиз ҳаётида содир бўлган муҳим сиёсий-ижтимоий воқеликлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
[gallery-26531]
Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни "Олимпия шаҳарчаси"даги стадионда "Президент олимпиадаси"нинг тантанали очилиш маросимидаги иштирокига тўхталди:
— "Президент олимпиадаси"нинг тантанали очилиш маросимида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади. Мамлакатимизда илк маротаба ўтказилган "Президент олимпиадаси" юртимизда спортни ривожлантириш ва давлат раҳбарининг шахсан ушбу соҳага эътиборининг яққол намунаси бўлди. Президентимиз ўз нутқида спорт соҳасида эришилаётган улкан ютуқларимизга тўхталиб ўтди.
Таъкидлаш лозимки, мусобақанинг туман ва вилоят босқичларида умумтаълим мактабларидаги спорт тўгараклари, хусусий спорт клублари ва 310 та спорт мактабидан 100 мингдан ортиқ ёшларимиз иштирок этди. Энг юқори натижага эришган 3 мингдан зиёд ўғил-қизлар "Президент олимпиадаси"га келди.
Келгуси йилдан бошлаб, сув спорти, велоспорт, триатлон, қиличбозлик ва жамоавий ўйинлар бўйича ҳам мусобақалар ўтказилиб, "Президент олимпиадаси"даги спорт турлари 20 тага етказилади.
Давлатимиз раҳбари 2026 йилда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Жаҳон чемпионати ҳамда 2029 йилда Ёшлар Осиё ўйинлари Ўзбекистонда ўтказилишига алоҳида тўхталди, — деди Спикер ўринбосари.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА