Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Президент Олимпиадаси” спорт мусобақалари ғолиблари тақдирланди
14:08 / 2025-12-12

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 23 ноябридан 5 декабригача Тошкент шаҳрида “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақалари бўлиб ўтди.

Мазкур  мусобақаларда   Хоразм вилояти делегацияси 16 та олтин, 12 та кумуш ва 24 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида фахрли 3-ўринни эгаллади.  

Хоразм вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов мусобақа ғолибларини эришган   улкан ғалабалари билан яна бир бор муборакбод этиб, спортчилар ва уларнинг мураббийларини  эсдалик совғалари билан тақдирлади.  

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Миллий Олимпия қўмитасининг Хоразм вилоят бўлинмаси ижрочи директори Усманбай Жумагалдиевга “Ўзбекистон футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

—2024 йил якуни бўйича вилоятимиз спортчилари Республика, Осиё, жаҳон чемпионати ва кубоклари ҳамда Олимпия ўйинлари мусобақаларида муносиб иштирок қилиб, 391 та олтин, 399 та кумуш, 644 та бронза, жами 1 434 та медалларни қўлга киритдилар, — дейди  Усманбай Жумагалдиев. - Жорий йилда бу кўрсаткичлар қарийб икки баробар ортган. Бу натижаларга эришиш учун албатта мустаҳкам пойдевор керак. Вилоятимизда бугунги кунда жами 26 та профессионал спорт таълими муассасаси фаолият юритиб келмоқда. Мунтазам спорт билан шуғулланувчи 30 минг нафарга яқин ёшлар мингга яқин тренерларнинг қўл остида спорт сирларини ўрганишмоқда.

Маълумотларга кўра, Хоразм вилоятида аҳолининг барча қатламларини жисмоний тарбия ва оммавий спортга кенг жалб этиш мақсадида йил мобайнида 12 мингдан ортиқ спорт мусобақалари ва жисмоний тарбия тадбирлари ташкил этилади. “Беш ташаббус олимпиадаси”,“Вилоят ҳокими кубоги”, “Сектор раҳбарлари кубоги”, “Ёшлар марафони”, “Спортни сев, спорт билан яша”“Маҳаллада футбол”, “Ҳаваскорлар лигаси”, “Ёшлар ҳафталиги”, “Таълим муассасалари ҳафталиги”, “Нуронийлар ҳафталиги”, “Янги нафас” оммавий югуриш марофонлари каби спорт мусобақаларида вилоят аҳолисининг 700 мингдан ортиғи қатнашади.  

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари