Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Президент олимпиадаси" мусобақаларининг тақдимоти ўтказилди
19:12 / 2026-02-21

Мамлакатимизда маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, саралаш, уларни миллий терма жамоаларга йўналтиришда давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида йўлга қўйилган "Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари", "Президент олимпиадаси" ҳамда "Президент паралимпиадаси" спорт мусобақаларининг алоҳида ўрни бор.

Ўтган йили илк бор ўтказилган "Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари" мусобақаларининг саралаш босқичларида 100 мингдан зиёд ўғил-қизлар иштирок этиб, ғолиб ва совриндор бўлган 3 минг нафарга яқин истеъдодли ёш спортчилар "Президент олимпиадаси"да салоҳиятини намойиш этган эди.

Хўш, бу йилги мусобақалар қай тартибда ташкил этилади? Мусобақалар қайси спорт турлари ўртасида кечади?

Спорт вазирлигида "Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари", "Президент олимпиадаси" ҳамда "Президент паралимпиадаси" спорт мусобақаларини ташкил этиш юзасидан ўтказилган тақдимотларда мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Хусусан, мусобақа тақвими ва спорт турлари бўйича маълумот бериб ўтилди.

Мусобақалар орқали республикамизнинг барча туман-шаҳарларида спорт билан профессионал шуғулланишга киришган ёшларни қамраб олишда асосий эътиборни нималарга қаратиш лозимлиги хусусида таклифлар илгари сурилди.

"Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари"нинг биринчи ва иккинчи босқичларини кўтаринки рўҳда ташкил этиш, ҳар бир спорт турида шаффофликка эришиш тамойиллари кўриб чиқилди. Ушбу босқичлардан муваффақиятли ўтган спортчилар жорий йил сентябрь ойида "Президент олимпиадаси"да қатнашиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, йиғилишда мамлакатимизда инклюзив жамиятни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирларнинг давоми сифатида "Президент паралимпиадаси" мусобақаларини ўтказиш юзасидан Миллий паралимпия қўмитаси раиси ўринбосари Ҳикмат Тошматов томонидан мусобақалар тақвими ва спорт турлари мундарижаси тақдим этилди.

Т.Рўзиев, ЎзА