Пойтахтимиз ва Тошкент вилоятида янгича тизимда ташкил этилган “Президент олимпиадаси” мусобақаларининг финал босқичи юқори савияда ўтказилмоқда.
Мазкур нуфузли спорт тадбири доирасида эркин курaш ва оғир атлетика бўйича бир қатор вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Жумладан, “Олимпия шаҳарчаси”да ташкил этилган эркин кураш беллашувларида Демис Сандекидис (Бухоро), Улуғбек Рашидов (Тошкент шаҳри), Шоҳиддин Алиев (Самарқанд), Бунёд Руфатoв (Тошкент шаҳри) ва Беҳруз Аширов (Тошкент шаҳри) олтин медалга сазовор бўлди.

Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида эса оғир атлетика бўйича тўртта вазнда ўтган баҳсларда Азизбек Дадажонов (Андижон), Комила Худойқулова (Қашқадарё), Маржона Абдумуталова (Навоий) ва Асилбек Болтаев (Самарқанд) шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Бугун, 26 ноябрь куни “Президент олимпиадаси”да бокс, аёллар кураши, оғир атлетика бўйича беллашувлар давом эттирилади. Дарвоқе, мусобақанинг расмий очилиш маросими пойтахтимизда бунёд этилган “Олимпия шаҳарчаси”да бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА