Пойтахтимизда давом этаётган “Президент олимпиадаси” комплекс мусобақасининг дзюдо баҳсларига “Олимпия шаҳарчаси”да жойлашган "Яккакураш спорт турлари" спорт мажмуаси мезбонлик қилмоқда.
Дзюдо беллашувларининг илк кунида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган полвонлар 8 вазн тоифасида ўзаро рақобатлашди. Кун давомида ўтган қизлар ўртасидаги баҳсларнинг уч вазн тоифасида Самарқанд вилояти дзюдочилари - Сарвиноз Нормуротова, Адиба Кенжаева ва Нигина Умрзоқова олтин медални қўлга киритди. Бу орқали ҳудудда дзюдо спортини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор ўз самарасини бераётганини кўрсатди.

Шунингдек, биринчи кунги рақобатда Сафохўжа Сайфуллаев (Бухоро), Муҳаммадқодир Шодмонов (Тошкент вилояти), Улуғбек Қўзибоев (Хоразм), Ҳамидуллоҳ Ярашев (Тошкент шаҳри), Алина Колючева (Тошкент вилояти) каби ёз дзюдочилар барча рақибларини енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Бугун, 3 декабрь куни “Президент олимпиадаси”да дзюдочи қизлар -48 кг, - 52 кг, - 57 кг, ўғил болалар эса - 66 кг, -73 кг. вазн тоифаларида татамига чиқса, 3х3 баскетбол бўйича гуруҳ ва плей-офф баҳслари бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА