Президент Шавкат Мирзиёев Учтепа тумани Найман маҳалласидаги оилавий болалар уйи билан танишди.
Мамлакатимизда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар алоҳида эътиборга олинган. Давлат томонидан берилган имтиёзлар натижасида бундай болаларни ўз бағрига олаётган оилалар ортиб бормоқда. Жумладан, 131 та оилавий болалар уйлари ташкил этилиб, 808 нафар ўғил-қиз тарбияга олинган.
Учтепа туманидаги мазкур оилавий болалар уйи ҳам шу борадаги ишларнинг мантиқий давомидир. 2 қаватли бино Миллий гвардия томонидан реконструкция қилиниб, 12 та оила учун шароит яратилган. Барча хонадонлар маиший техника, мебел ва хўжалик жиҳозлари билан таъминланган.
Президентимиз шундай оилалардан бири - Иномжон ва Дилдора Давлатовлар хонадонида бўлди. Улар 4 нафар етим болани ўз қарамоғига олган.
Болажонлар ўз оиласи бўлишини орзу қилгани, давлат эътибори билан бу орзуси ушалганини айтишди.
Ота-оналарнинг ўз фарзандлари ва тарбияга олинган болалар шу ердаги 238-умумтаълим мактабида таълим олади.
Мажмуада 2 та спорт зали, мини-футбол стадиони, ўйин ва воркаут майдончалари, ёзги саҳна, хиёбон ташкил этилган. Манзарали ва мевали дарахт ниҳоллари экилган. Мўъжазгина томорқада рўзғорбоп маҳсулотлар етиштирилади.
Давлатимиз раҳбари ўқув ва спорт тўгаракларини кириб кўрди, ёшлар билан суҳбатлашди.
Шу ерда Тошкент шаҳри туманларини маҳаллабай ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.
Ўтган 11 ойда пойтахтимизда 650 та лойиҳа амалга оширилиб, 30 мингта иш ўрни яратилган. Хусусан, Учтепа туманида янги тадбиркорлик субъектлари сони 1 минг 110 тага кўпайган.
Тошкентда савдо, саноат ва хизматларни ривожлантириш учун катта имкониятлар борлиги қайд этилди. Бундан тўла фойдаланиб, пойтахтни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш вазифаси белгиланди.
Президентимиз ижтимоий муаммоларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Пойтахтимизда 584 та маҳалла бор. Уларни обод қилиш, йўлларни яхшилаш бўйича кўп ишлар қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари навбатдаги режалар, аҳолининг талаб-истаклари юзасидан маҳалла раислари билан суҳбатлашди.
Улардан келиб чиқиб, 44 та ижтимоий объектни таъмирлаш, болалар боғчаси, поликлиника, истироҳат боғи ташкил этиш чоралари белгиланди.
Тошкент шаҳридаги 12 та иссиқлик марказининг барчаси 1968-1986 йилларда қурилган бўлиб, ускуналари эскирган. Шу боис, улардан 9 таси негизида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарувчи замонавий марказлар ташкил этилади. Натижада пойтахтимизда ҳар йили қўшимча 3 миллиард киловатт-соатдан зиёд электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Янги йил байрами арафасида бозорларга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.