Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти муҳокама қилинди
20:36 / 2022-12-27

“Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари томонидан доимий равишда вазирлик ва идоралар, турли даражадаги ташкилотлар ходимлари учун мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказишга қаратилган тақдимотлар ўтказиб келинмоқда.

27 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ходимлари учун Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси ва унда илгари сурилган устувор йўналишларнинг мақсад ва вазифаларига қаратилган тақдимот ўтказилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э.Туляков давлат раҳбари Мурожаатномада дастлаб 2022 йил ғоят мураккаб ва синовли йил бўлишига қарамасдан эришилган натижа ва кўрсаткичларга тўхталгани, шунингдек, 2023 йилда ҳам Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланганига алоҳида тўхталиб ўтди.

Жумладан, ушбу сиёсатнинг изчиллигини таъминлаш мақсадида 2023 йилга "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили", деб ном берилди. Шу билан биргаликда, йил давомида амалга оширишга қаратилган олтита устувор йўналиш ва вазифаларнинг белгиланганлиги ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.

Хусусан, биринчи устувор йўналиш доирасида вазирлик ва идоралар сони 61 тадан 28 тага камайтирилиб, ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул этиб белгиланмоқда. Ушбу ислоҳотларнинг иккинчи босқичида давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 30-35 фоизга қисқартирилиши профессионал давлат хизматчилари фаолиятини йўлга қўйиш ва фуқаролар ортиқча оворагарчиликларининг олди олинишига хизмат қилади.

Шунингдек, тақдимот давомида Э.Туляков Мурожаатномада илгари сурилган барча йўналишлар қатори бешинчи – эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш йўналишида белгилаб берилган бир қатор мақсад ва вазифаларнинг ижроси Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги масъуллари зиммасига ҳам катта масъулият юклашини эътироф этди.

Жумладан, ушбу йўналишни амалга ошириш жараёнида, биринчи навбатда, илғор тажрибалар асосида солиқ ва божхона маъмурчилигининг жиддий ислоҳ қилиниши, бунда барча давлат идораларида тадбиркорларга сервис хизмати кўрсатишни баҳолаш тизими жорий этилиши каби вазифалар белгиланаётганлиги агентлик томонидан халқаро талаб доирасидаги меъёрларни тадбиркорлар фаолиятига кенг татбиқ этишни талаб этади.

Шу боисдан, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасининг жадал ривожланиши мамлакатда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга қулайликлар яратиш билан бир қаторда, имкониятлар кўламини ҳам кенгайтиради.

Тақдимот якунида агентлик ходимларининг Мурожаатнома юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари тингланиб, маърузачи томонидан уларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берилди.

ЎзА