Ортда қолган 2020 йил бутун дунё давлатлари учун ўта мураккаб, турли синовларга тўла йил сифатида тарихда қолди. Жаҳоннинг барча давлатларига ўзининг салбий таъсирини кўрсатган коронавирус инфекцияси мамлакатимиз учун ҳам кўплаб қийинчиликларни туғдирди. Ўз навбатида, бу ҳолат йил якуни бўйича кўплаб кўрсаткичларнинг пасайишига сабаб бўлди.
2020 йилнинг 29 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис аъзоларига анъанавий Мурожаатномани ўқиб эшиттирди. Унда жорий йилда эришилган натижалар, «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастури доирасида бажарилган ишлар айтиб ўтилди. Келгуси йилга ном берилди, мамлакатимизни янада ривожлантиришга қаратилган энг муҳим вазифалар, ички ва ташқи сиёсатга доир устувор йўналишлар белгиланади.
Президент ўз мурожаатида давлат фаолияти билан боғлиқ деярли барча йўналишларга тўхталиб ўтди. Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ўзгаришлар, соҳанинг камчиликлари ва амалга оширилиши кутилаётган ўзгаришлар шулар жумласидандир. Хусусан, суд-ҳуқуқ соҳаси, жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги ислоҳотлар натижасида бу йил судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинлангани, жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилгани, судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида жорий йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилгани қайд этилди. Ҳақиқатан ҳам, ушбу соҳада ислоҳотлар бошланмасидан аввал, бу кўрсаткичларнинг кўпи жуда паст, баъзилари эса ноль кўрсаткичда эди.
Биламизки, сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамлар қўйилди. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Хусусан, 2020 йилнинг иккинчи ярмида фақатгина судлар фаолияти билан боғлиқ учта Президент ҳужжати қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар 2020 йил 24 июлда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони, 2020 йил 3 сентябрда Президентимизнинг «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда 2020 йилнинг 7 декабрь куни «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони ҳисобланади. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида суд фаолияти билан боғлиқ жуда кўп ижобий ўзгаришлар назарда тутилди.
2021 йилдан бошлаб жорий этиладиган «бир суд – бир инстанция» тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши кутилмоқда. Бунга етарли сабаблар мавжуд. Жумладан, ҳозирги кунгача вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Биргина 2019 йилда вилоят судлари қабул қилган 13 мингта шундай қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ва бекор қилинган. Келгуси йилдан бошлаб бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади. Ушбу йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилади. Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратади. Шунингдек, келгуси йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади. Яна бир муҳим янгилик – инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди. Энди инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин. Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, «онлайн» тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.
Юқоридаги ижобий ўзгаришлар алоҳида ҳокимият ҳисобланган судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиши, фуқароларга енгилликлар яратиши, ортиқча сарсонгарчиликларга чек қўйиши кутилмоқда. Ушбу ўзгаришлар фақатгина қоғозда қолиб кетмаслиги учун барча давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва шу билан бир қаторда, фуқаролар ҳам масъулдир. Қонунчиликдаги ўзгаришлар асосида ўз ҳуқуқларидан хабардор бўлган фуқароларнинг мазкур имкониятлардан фойдаланиши, уни талаб қилиши ушбу янгиликларнинг ижросида алоҳида аҳамият касб этади.
Саддам Қодиралиев,
Наргиза Раҳимжонова,
Тошкент давлат юридик
университети ўқитувчилари