Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент мурожаатномаси – ривожланишдан юксалиш сари
16:52 / 2026-01-05

2025 йил 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқининг эътиборига навбатдаги Мурожаатномасини йўллади.

Ушбу тарихий ҳужжатда мамлакатни барқарор ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва ислоҳотларнинг самарадорлигини кучайтиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Мурожаатномада маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳамда аҳоли ҳаёт сифати ва фаровонлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбари мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон қадрини улуғлаш эканини таъкидлаб, маҳалла институтини жамиятнинг энг муҳим бўғини сифатида эътироф этди. Айнан маҳаллада яратилган қулай шарт-шароитлар орқали фуқаролар давлат сиёсати ва ислоҳотлар натижасини бевосита ҳис қила олади.

Маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий хизматлар сифатини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида белгилаб берилди. Шу билан бирга, Мурожаатномада мамлакат ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган кенг кўламли ташаббуслар илгари сурилди ва келгуси йилларда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгиланди.

Хусусан, глобал иқтисодиёт шароитида рақобатбардошликни таъминлаш учун замонавий технологиялар, малакали кадрлар ва илмий-инновацион ёндашув ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.  Даромадли сервис хизматларини кенгайтириш, биоинженерия, илғор агротехнологиялар ва сув тежовчи усулларни жорий этиш, “яшил” энергетика ва чиқиндисиз ишлаб чиқаришга ўтиш, таълим ва тиббиёт соҳаларида илғор хорижий тажрибаларни кенг қўллаш орқали иқтисодиётни жадал ривожлантириш мумкинлиги таъкидланди. Бу орқали келгуси беш йилда мамлакат иқтисодиёти ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш учун барча имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

2026 йил эса юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди. Бу ташаббус маҳалла инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш, аҳолига яққол ижтимоий ва иқтисодий фойда олиб келувчи муҳим қадам сифатида баҳоланди.

Давлат раҳбари Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи босқичга қадам қўйилаётганини таъкидлаб, мамлакатнинг қайси ҳудудида яшаса ҳам, фуқаролар ислоҳотлар самарасини кундалик ҳаётида ҳис қилиши лозимлигини алоҳида қайд этди. Мурожаатнома доирасида депутатларга ўз округларидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм ажратилиши, “яшил ҳудуд” ва “яшил боғ”лар ташкил этиш бўйича ҳар бир депутат ташаббусига қўшимча равишда 330 миллион сўмдан йўналтирилиши белгиланди. Бу орқали 2030 йилга қадар шароити оғир барча туманлардаги маҳаллаларда Янги Ўзбекистон қиёфасини яратиш мақсад қилинган.

Шунингдек, саноатда энергия тежамкор ва юқори технологияли тармоқларни ривожлантириш ҳисобидан бир доллар маҳсулот учун сарфланадиган ёқилғи-энергия миқдори 13 фоизга қисқартирилгани қайд этилди. Бу келгусида барча соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш иқтисодий тараққиётнинг энг самарали йўли эканини кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, Президент Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббус ва вазифалар халқ фаровонлигини ошириш, юрт ва маҳаллаларда тинч-осойишта ҳаётни таъминлаш ҳамда Янги Ўзбекистонни ривожланишдан юксалиш сари олиб чиқишга хизмат қилади.

Баҳром Собиров,

Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг депутати,

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ

Сирдарё ИЭС филиали директори