Бугун Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда “Мурожаатнома – давлат сиёсати ва ислоҳотлар кун тартибини белгилаб берувчи стратегик дастур” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Сенат вакиллари, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, тадқиқот ва таҳлил марказлари экспертлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбати Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг мамлакатимизнинг келгуси тараққиётидаги стратегик аҳамиятини муҳокама қилиш, ундаги ташаббусларни ҳаётга татбиқ қилишда парламент палаталари, маҳаллий Кенгашлар, маҳалла ҳамда фуқаролик жамияти институтлари олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилди.
[gallery-27036]
Унда иштирокчилар Мурожаатномада белгилаб берилган давлат сиёсатидаги устувор йўналишлар, ислоҳотларнинг амалий аҳамияти, уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари ҳамда бу жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки юзасидан атрофлича фикр-муҳокамалар билдирди. Хусусан, бу галги Мурожаатнома мамлакатни сифат жиҳатидан янги ривожланиш босқичига ўтаётганидан дарак бериб, ислоҳотларни институционал мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган барқарор ўсиш моделини шакллантиришга йўналтирувчи стратегик ҳужжат бўлгани алоҳида қайд этилди.
Жумладан, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази директори Азамат Пардаев Мурожаатномада парламент ва депутатлар фаолиятида ҳисобдорликни кучайтиришга қаратилган устувор вазифалар белгиланганига тўхталиб ўтди:
— Мурожаатномадаги давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, жамиятда очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, фуқароларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар ўзаро боғлиқ ва изчил эканлиги билан янада аҳамиятли саналади.
Айниқса, 2026 йилга “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб ном берилгани Мурожаатноманинг бош ғоясини яққол кўрсатади. Сабаби, ислоҳотларни фақат марказий бошқарув орқали эмас, балки жойларда маҳалла институти ва маҳаллий вакиллик органлари иштирокида чуқурлаштириш демократик ислоҳотларнинг ижтимоий таянчини мустаҳкамлаб, давлат ва жамият ўртасидаги ишончни оширади.
Шунингдек, иштирокчилар томонидан Мурожаатномада парламентнинг давлат бошқарувидаги роли мутлақо янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Хусусан, Олий Мажлиснинг ташқи қарз миқдорини белгилаш, давлат кафолати остида қарз олиш масалаларини маъқуллаш ваколатининг кенгайтирилиши парламент назоратининг кучайганидан далолат беради.
Қолаверса, сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашлар фаолиятига оид 700 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиб, уларнинг 300 дан ортиқ функциялари мақбуллаштирилди. Жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этиш, халқнинг бевосита ихтиёри асосида қарор қабул қилиш талаб этиладиган жами 33 та ваколат маҳаллий Кенгашларга ўтказилди. Президент ташаббуси билан депутатлик сўровлари ижросини ҳар чоракда таҳлил қилиш ва сусткашлик ҳолатларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш тизими жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, тадбирда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, уларда иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун катта молиявий ресурслар ажратилаётгани маҳалланинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилиши ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришга, айниқса, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка алоҳида эътибор қартилгани эътироф этилиб фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Очиқ мулоқот форматида ўтказилган давра суҳбати якунида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Абдумуталлиб Ўктамов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази эксперти