Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан “Мурожаатнома – маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, иқтисодиёт соҳаси мутахассислари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳаллалар уюшмаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Хусусан, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бирлашмаси мутахассислари Ботир Мейлиев, Рустам Бердиев, Қарши тумани жамияти раиси Бахтиёр Бегалиев ҳамда Қарши шаҳар жамияти мутахассиси Сардор Самандаровлар фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Муҳокамаларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар, айниқса, маҳаллаларни комплекс ривожлантириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Асосий эътибор маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш, йўл-транспорт тармоқлари, ичимлик суви ва электр таъминотини ривожлантириш, таълим муассасалари ҳамда оилавий поликлиникалар фаолиятини такомиллаштириш, аҳоли учун қулай ва муносиб яшаш муҳитини яратишга қаратилди.

Шу билан бирга, маҳаллаларни ривожлантириш фақатгина қурилиш ишлари билан чекланиб қолмасдан, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ички иқтисодий салоҳиятни ишга солиш орқали барқарор ижтимоий-иқтисодий муҳитни шакллантириш зарурлиги таъкидланди.

Давра суҳбати якунида маҳалла инфратузилмасини комплекс ривожлантиришга қаратилган қатор амалий таклифлар билдирилиб, Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни ҳудудларда изчил ва самарали амалга ошириш муҳим экани қайд этилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири