Президентимизнинг Олий Мажлис ва кўп миллатли халқимизга тақдим этган навбатдаги Мурожаатномаси мамлакат тараққиётининг янги босқичини белгилайди. Бу ҳужжат халқ билан очиқ ва самимий мулоқотга асосланган, аниқ мақсад ва механизмларга эга дастурий ҳаракат режаси сифатида эътироф этилмоқда.
Мурожаатномада таъкидланганидек, ўтган тўққиз йилда эришилган иқтисодий ютуқлар, яъни ялпи ички маҳсулотнинг 145 миллиард доллардан ошиб, экспорт, инвестиция ва олтин-валюта захиралари бўйича тарихий натижаларга эришилгани, ислоҳотлар самарасини амалда кўрсатмоқда. Бу рақамлар ортида ҳар бир маҳаллада ва ҳар бир хонадонда сезилаётган фаровонлик, янги иш ўринлари, яхшиланган инфратузилма ва инсон қадри туради.

2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ҳам Мурожаатноманинг стратегик аҳамиятини кўрсатади. Маҳалла давлат ва жамият ўртасида ишончли кўприк вазифасини ўтайди, маҳалла обод бўлса, инсон ҳаёти ва жамият барқарорлиги таъминланади.
Мурожаатномада белгилаб берилган устувор йўналишлардан бири — экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласидир. Президентимиз томонидан йирик корхоналарда фильтр ва тозалаш иншоотлари ўрнатиш учун 100 миллион долларлик кредит линияси очилиши ва ҳавога чиқарилаётган зарарли моддаларни қатъий мониторинг қилиш тизимининг жорий этилиши саноат тараққиётини инсон саломатлиги билан уйғунлаштиришга қаратилган қатъий сиёсий ироданинг ифодаси бўлди.
Шунингдек, фильтрсиз кўмирда ишлайдиган иссиқхоналардан воз кечиш ва уларни марказлашган иситиш тизимига ўтказиш, агрокластерлар ташкил этиш орқали субсидиялар бериш эса экологик масалаларни иқтисодий рағбатлар орқали ҳал этишнинг намунасидир. Бу тадбирлар тадбиркор манфаати билан жамият манфаатини уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Сирдарёда “яшил девор” ташаббуси, ботаника ва дендрология боғлари ҳамда соя-салқин сайр кўчаларини барпо этиш маҳаллалар ҳаёти сифатига бевосита таъсир қилади. Шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, каналларни бетонлаш ва ёпиқ дренаж тизимларини яратиш — эртанги авлод манфаатини кўзлаб қабул қилинган муҳим қарорлардир.
Президент Мурожаатномаси фақат келгуси йил режалари эмас, балки Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти сари аниқ қадамлар дастуридир. Депутатлар, фуқаролик жамияти ва кенг жамоатчилик ушбу вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда барча имконият ва масъулиятни сафарбар этиши лозим.
Шоира Шаматова,
Халқ депутатлари Сайхунобод туман Кенгаши депутати