Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент мурожаати ёшларни улуғвор мақсадлар томон бошлайди
14:37 / 2021-01-08

2020 йилнинг 29 декабрдаги Президент Мурожаатномаси ҳам халқимиз томонидан катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олинди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур муҳим дастурий сиёсий ҳужжат нафақат парламентга, балки бутун халқимизга мурожаат эканлиги билан аҳамиятлидир. Унда мамлакатимиз тараққиётининг ҳар бир соҳаси чуқур таҳлил этилиб, келгусидаги устувор вазифалар, юксак мақсадлар белгилаб берилди. Шу жиҳатдан ҳам ушбу Мурожаатнома юртдошларимизга катта қувонч бағишлади, ўз ҳаётларини янада фаровонлашитириш, фаолиятларини ривожлантириш иштиёқини ҳадя қилди. 

Давлатимиз раҳбари мазкур дастуриламал ҳужжатда барча соҳа қатори таълим тизими хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”, деди Президентимиз.

Дарҳақиқат, бугун олдимизга қўяётган юксак мақсадларимизга эришишда таълим-тарбия масаласи муҳим ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ҳар бир соҳа ривожининг пойдеворида муносиб ва сифатли таълим ётади, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрлар туради. Шу боис Мурожаатномада таълим-тарбия тизимининг энг қуйи бўғинидан тортиб илмий кадрлар тайёрлаш жараёнларига қадар қилиниши керак бўлган вазифаларга эътибор қаратилди. Жумладан, давлатимиз раҳбари олий таълимнинг қамрови ва сифатини ошириш масаласига тўхталиб, 2021 йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилишини таъкидлади. Бу барча ота-оналарни, ўқиш истагини дилига тугиб қўйган ўғил-қизларимизни жуда қувонтирди. Абитуриентларга янада катта куч-ғайрат, шижоат бағишлади. Албатта, ўзига ишонган, билими мустаҳкам ёшлар давлат гранти асосида таълим олиш имконини қўлга киритиши шубҳасиз. Айниқса, Президентимизнинг олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказиш, аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этиш ташаббуси минглаб қизларимизга кенг имкониятлар эшигини очади. Кўплаб қизлар замонавий билимга эга, олий таълимда ўқишни давом эттириш, жамиятда ўз ўрнини топиш истагида бўлсада, оилавий шароити туфайли бу истакларини амалга оширишга қийналишади. Ёхуд бу каби орзулар бир умр орзулигича қолади. Эндиликда эса эҳтиёжманд оилалар қизлари учун олий таълим олиш имконияти икки баробар ошди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Президентимиз Мурожаатномада, қолаверса, деярли барча учрашув ва йиғилишларда ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим тизимини янада ривожлантириш масалаларига мунтазам равишда тўхталиб ўтади. Бу эса, ўз навбатида, биз педагогларга ҳам катта масъулият юклайди. Мамлакатимизда барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз касбимиз, фаолиятимиз билан камарбаста бўлмоғимиз лозим. Ҳар бир йўналишда билимли ва малакали кадрлар ҳал қилувчи куч экан, уларга сифатли таълим беришда фидойилик кўрсатишимиз, бу ҳаёт-мамот масаласига виждонан ёндашишимиз зарур. Ана шундагина аввалги Уйғониш даврларидаги каби эртамизнинг Хоразмийлари, Берунийлари, Ибн Синолари, Улуғбеклари, Навоий ва Бобурлари етишиб чиқади.

Президентимизнинг ушбу Мурожаатномаси барчамизни ана шундай улуғвор мақсадлар сари руҳлантиргани баробарида юртдошларимиз томонидан кенг ўрганилмоқда. Унинг аҳамияти, мамлакатнинг келгусидаги тараққиётида тутган ўрни борасида билдирилаётган ўткир фикр ва мулоҳазалар ушбу ҳужжатнинг нечоғли мукаммаллиги ҳамда долзарблигини намоён этади. Бундан ташқари, бугун юртимизнинг ҳар бир ҳудудида Президентимиз Мурожаатномасини чуқур ўрганиш ва унда белгилаб берилган мақсад-вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қартилмоқда. Жумладан, Тошкент давлат юридик университети жамоаси ҳам бу борада муайян саъй-ҳаракатларни амалга оширишмоқда. Профессор-ўқитувчилар, талабалар мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида турли чиқишлар қилиб, парламентга Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти, аҳамияти, ундан келиб чиқувчи вазифалар хусусида ўз позициясини билдирмоқда. Олдимизда эса Мурожаатномада кўрсатиб ўтилган муҳим мақсадларни амалга ошириш вазифаси турибди.

Дилсўз ЗОЙИРОВА, 

Тошкент давлат юридик университети 

Хорижий тиллар кафедраси ўқитувчиси