Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент мулоқоти – ёшлар келажаги учун йўл харитаси
17:11 / 2026-03-03

Жорий йилнинг 24 февраль куни давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан ўтказган навбатдаги очиқ мулоқоти мамлакатимиз тараққиёти, хусусан, ёшлар сиёсатида янги даврни бошлади.

Учрашув чоғида Президентимиз томонидан билдирилган фикрлар ҳамда ташаббуслар, олдимизга қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, университетимизда аниқ мақсадга йўналтирилган тадбирларни амалга оширишни белгилаб олдик.

Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Келажак тадбиркори” дастурини ўз фаолиятимизда жорий этамиз. Университетимизда стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилиб, талабаларимизнинг туризм ва маданий мерос соҳасидаги тадбиркорлик ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланади.

Инглиз тилидан халқаро даражага эга бўлган ўқитувчиларимиз ва талабаларимизнинг олис ҳудудларда ўқув марказлари очишига университет томонидан амалий ёрдам кўрсатилади. Хусусан, ўқув марказларини очиш учун зарур бўлган ҳуқуқий ҳужжатларни расмийлаштиришда юридик кўмак, ўқув материаллари ва методологик қўлланмалар билан таъминлаш, марказ фаолиятини университетимизнинг бренди остида олиб бориш имкониятини яратамиз.

Бу ташаббус олис ҳудудлардаги ёшларнинг сифатли таълим олишига, уларнинг келажакда юқори малакали кадрлар бўлиб етишишига хизмат қилади.

Шунингдек, талабаларимизнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор тижорат банклари билан ҳамкорлик ишлари амалга оширилади. Эндиликда “Алоқабанк”, “Миллий банк” каби молия институтлари томонидан талабаларнинг бизнес лойиҳаларига имтиёзли кредитлар ажратилади. 

“Менинг биринчи касбим” дастури доирасида битирувчиларимиз учун нуфузли туристик компаниялар, меҳмонхоналар ва музейларда амалиёт имкониятлари кенгайтирилмоқда. Амалиёт даврида талабалар моддий рағбатлантириш тизими билан қўллаб-қувватланади, бу борада иш берувчилар билан шартномалар тузилади.

Эндиликда университетимиз битирувчилари нафақат олий маълумот тўғрисидаги диплом, балки замонавий камида битта касбий малака ва халқаро тил сертификатлари билан меҳнат бозорига кириб бориши бўйича чора-тадбирларни кўрамиз.

Президентимиз таъкидлаганидек, энди олий таълим муассасалари олдида ҳам тамоман янги вазифалар турибди. Университетимиз фақат билим берувчи даргоҳ эмас, балки инновация, тадбиркорлик ва янги иш ўринлари яратувчи марказга айланади. Шу мақсадда туризм ва меҳмондўстлик соҳасидаги мавжуд лабораториялар фаолиятини янада яхшилашимиз зарур. Жорий йилнинг ўзида лабораториялар модернизация қилиниб, 35 та стартап лойиҳа қўллаб-қувватланади. 70 та илмий мақола халқаро журналларда чоп этилиб, 15 нафар иқтидорли талаба хорижий стажировкага юборилади.

Дуал таълим тизимини кенг жорий этиш орқали талабаларимизнинг 50 фоизини амалий тажриба билан қамраб олишни режалаштиряпмиз. “Spin-off” ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш орқали университетимизни Самарқанд вилоятининг туризм соҳаси ривожланишининг ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш бизнинг стратегик мақсадимиздир.

2026-2027 ўқув йилида 70 та туристик компания, 40 та меҳмонхона ва 30 та музей билан ҳамкорлик шартномалари тузилиб, 700 нафар талаба амалиёт билан қамраб олинади. Амалиёт якунида камида 400 нафар битирувчининг иш билан таъминланишига эришилади. Талабалар бандлиги 95 фоизга етказилади. 

Талабаларимизнинг илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш тизимини яратиш мақсадида ҳар йили анъанавий танловлар ташкил қилишни режалаштиряпмиз.

Халқаро ҳамкорлигимизни кенгайтириб, Европа ҳамда Осиё мамлакатларининг етакчи туризм университетлари билан қўшма таълим дастурларини ривожлантирамиз. Жумладан, 12 та хорижий туризм университети билан қўшма дастурлар йўлга қўйилиб, 70 нафарга яқин талаба халқаро алмашинув дастурларида иштирок этиши режалаштирилмоқда. Аудиториялар тўлиқ рақамли технологиялар билан жиҳозланади.

Айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан мулоқоти улар келажаги учун аниқ йўл харитаси бўлди. Унда белгиланган ташаббуслар молиявий манба ва стратегик мақсадлар билан таъминланган. Учрашувда белгиланган вазифалар асосида университетимизда амалга ошириладиган ишлар ёшларимиз бандлигини таъминлаш, уларнинг интеллектуал ва иқтисодий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш орқали Янги Ўзбекистон тараққиётини янада жадаллаштиришга хизмат қилади. 

Муҳсинжон Холмуҳамедов,

“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос

халқаро университети ректори.

ЎзА