Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент мактабларига кириш имтиҳонларининг 2-босқичи бўлиб ўтди
14:11 / 2024-07-27

Жорий йилнинг 27 июль куни Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги 14 та Президент мактабига кириш имтиҳонларининг 2-босқичи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бир сменада бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 майдаги “Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларига ўқувчиларни саралаб олиш ҳамда қабул қилиш тартибига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамаси мажлиси баёни асосида Aгентлик тизимидаги мактабларга ўқувчилар қабули амалга оширилмоқда.   

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга 2024/2025 ўқув йили учун ҳужжатлар қабули 1 июндан – 20 июнга қадар фақат онлайн шаклда  ariza.piima.uz  сайти орқали амалга оширилди.   

Aгентлик тизимидаги Президент, ижод ҳамда ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари тегишли баёнга асосан катта сиғимли 56 та ёпиқ биноларда ўтказилиши белгиланган.   

2024/2025 ўқув йили учун Aгентлик тизимидаги мактабларга жами 244 минг 378 та ариза келиб тушган. Шундан Президент мактабларига келиб тушган аризалар 62 минг 62 тани ташкил этади.   

Президент мактабларига қабул қилинган ҳужжатлар бўйича битта ўринга ўртача 185 та ҳужжат тўғри келмоқда. Бунда бир ўринга қабул қилинган ҳужжатлар бўйича энг юқори кўрсаткич Фарғона вилоятига 293 та, Aндижон вилоятига 285 та, Самарқанд вилоятига 249 та, Наманган вилоятига 225 та ҳамда энг паст кўрсаткич Сирдарё вилояти 99 та ҳамда Навоий вилояти 81 та ҳужжат тўғри келди.   

14 та Президент мактабининг 5-синфига 336 нафар (ҳар бир мактабга 24 нафардан) ўқувчи қабул қилинади.   

Президент мактабларининг 1-босқич кириш имтиҳонлари 7 июль куни бўлиб ўтди.   

Aгентлик тизимидаги барча мактабларга кириш имтиҳонларини юқори савияда ташкил этиш бўйича ҳокимликлар, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Тез тиббий ёрдам, Хавфсиз шаҳар маркази ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан ҳамкорликда тайёргарлик ишлари олиб борилди.   

Президент мактабларининг кириш имтиҳонлари икки босқичда қуйидаги фанлардан ўтказилди. Биринчи босқич — математика фанидан жами 30 та тест шаклида ўтказилди. Ушбу босқич натижасига кўра қабул квотасида белгиланган ҳар бир ўринга 20 нафар ҳисобидан, ҳар бир мактабда жами 480 нафар максимал балл тўплаган ўқувчиларга иккинчи босқичда иштирок этишга рухсат этилади.  

[gallery-18456]

Иккинчи босқич кириш имтиҳонлари математика ва инглиз тили фанларидан тест шаклида ўтказилди. Хусусан, математика фанидан танқидий фикрлаш ва муаммони ечиш бўйича 40 та тест, инглиз тили фанидан грамматика ва матн билан ишлаш бўйича 40 та тест саволлари берилди. Тест синовлари белгиланган талаб ва қоидаларга амал қилган ҳолда ўтказилди.   

Н.Усмонова,

Н.Ҳайдаров (суратлар), ЎзА