Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент мактабларига 2-босқич имтиҳон бўлиб ўтди
18:28 / 2022-08-02

Бугун, 2 август куни Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент мактабларининг 2-босқич имтиҳонлари бўлиб ўтди.

Президент мактаблари давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 февраль куни қабул қилган «Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан ташкил этилган.

Президент мактаблари дастлаб 4 та ҳудудда – Нукус, Хива, Наманган ва Тошкент шаҳрида ўз фаолиятини бошлади. 2021-2022 ўқув йилидан эътиборан яна 2 та ҳудудда Президент мактаблари очилиб, ҳозирда Президент таълим муассасалари тизимида 14 та шундай мактаб фаолият юритмоқда.

2022-2023 ўқув йили учун Президент мактабларига ҳужжатлар қабули жорий йилнинг 1-20 июнь кунлари онлайн шаклда ariza.piima.uz сайти орқали амалга оширилди. Қабул жараёни давомида 1206 қисқа рақами – Call-маркази ташкил этилди. Марказ мутахассислари томонидан ҳар куни соат 8:00дан 20:00 га қадар келиб тушган саволларга доимий тарзда жавоб бериб борилди.

Шу билан бирга, қабул юзасидан телеграм ижтимоий тармоғидаги piimasavollar_bot орқали энг кўп келиб тушган саволларга мутахассислардан жавоб олиниб, ушбу жавоблар ижтимоий тармоқлар орқали жонли баёнотлар тарзида эълон қилиб борилди.

[gallery-8121]

Айтиш керакки, 2022-2023 ўқув йилида Президент мактабларига фақат 5-синфга қабул бўлиб ўтмоқда. Қабул жараёнлари 20 июнь куни ўз ниҳоясига етди. Тасдиқланган жами аризалар сони 41 минг 930 тани ташкил этди. Биринчи саралаш босқичидан 6 минг 720 нафар ўқувчи саралаб олинди. Имтиҳонлар натижасига кўра Президент мактабларига жами 336 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинади.

Маълумки, Президент мактабларига имтиҳонлар икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда ўқувчилар математика фанидан 30 та топшириқдан иборат тест саволларини ишлашади. Белгиланган вазифани бажариш учун 60 дақиқа вақт ажратилади. Биринчи босқич натижасига кўра, қабул квотасида белгиланган ҳар бир мактаб кесимида 480 нафар талабгор 2-босқичда қатнашади.

Иккинчи босқичда эса ахборотни таҳлил этиш ва солиштириш қобилиятини аниқлаш бўйича – мантиқ элементлари бўлган математика фанидан – 40 та масала, инглиз тилидан – 40 та тест ишланиши талаб этилади.

Президент таълим муассасалари агентлиги ва Cambridge Assessment International Education ташкилоти ўртасида ҳамкорлик шартномаси тузилган бўлиб, унга биноан Президент мактабларига қабул имтиҳонлари мазкур ташкилот билан ҳамкорликда ўтказилиши белгилаб қўйилган. Имтиҳон жавоблари Cambridge Assessment International Education ташкилотининг расмий веб-саҳифасида эълон қилинади.

Айтиш жоизки,1 июль куни Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент мактабларининг 1-босқич имтиҳонлари бўлиб ўтган эди.

– Биз Президент таълим муассасалари агентлиги билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, – деди Cambridge Assessment International Education ташкилоти вакили Гвен Ҳардкасле. – Тест жараёнлари белгиланган тартиб ва қоидаларига мос, ҳаққоний ўтиши учун бор имкониятлар ишга солинмоқда. Ўзбекистонда бундай таълим масканларининг ташкил этилиши, ўқитувчиларга кўрсатилаётган эътибор мамлакат тараққиётига хизмат қилиши шубҳасиз.

Пойтахтимиздаги Ботаника боғида Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент мактабларининг 2-босқич имтиҳонлари белгиланган талаб ва меъёрларга қатъий амал қилган ҳолда бўлиб ўтди.

Назокат Усмонова, ЎзА