Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент мактабларига 1-босқич кириш имтиҳонлари 26-28 июль кунлари ўтказилади
17:42 / 2021-07-23

Президент мактаблари қабули учун 1-босқич имтиҳонлари ўтказиладиган ҳудудларга пресс-тур ва ташкилотчилар иштирокида пойтахтимиздаги Ботаника боғида “Президент мактабларига кириш имтиҳонларида шаффофликни таъминлаш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Ҳилола Умарова тадбир иштирокчиларига жорий йилги кириш имтиҳонларига тайёргарлик жараёни хусусида батафсил маълумот берди.  

Мамлакатимиздаги 14 та Президент мактабининг 1–босқич саралаш имтиҳонлари ўтказиладиган барча ҳудудларда имтиҳонларнинг юқори савияда ўтиши учун жиддий тайёргарлик кўрилди. Маълумки, ўтган йили пандемия вазиятида Президент мактабларига имтиҳонлар ўтказилмади. Жорий йилда эса ушбу мактабларга кириш учун 103 минг 500 нафардан ортиқ ўқувчилардан ҳужжатлар қабул қилинган. Белгиланган қабул квотасига асосан барча имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган 1 минг 632 нафар ёш мазкур мактабда ўқишга муяссар бўлади.  

Жорий йилда имтиҳонлар мураккаб пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда очиқ осмон остида ўтказилади. Бу жиҳатларга мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтадиган Президент мактабларига имтиҳонлар жараёнида жиддий аҳамият қаратилади. Пойтахтимизда ана шундай имтиҳон жараёни Ботаника боғи ҳамда "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуасининг соя-салқин ҳудудида 26-28 июль кунлари ўтказилади.  

Бошқа ҳудудларда ҳам Президент мактабларига қабул учун имтиҳонлар стадионлар, очиқ осмон остидаги спорт мажмуаларида икки сменада, куннинг нисбатан салқин пайтлари - эрталабки соат 8:00 дан соат 9:00 гача ҳамда иккинчи сменада 18.00 дан соат 19.00 гача ўтказилиши белгиланган. Дастлабки босқичда талабгор ўқувчилар математика фани бўйича имтиҳон топшириши кўзда тутилган.  

Пресс-анжуман талабгорларнинг имтиҳонларга репетиция-тушунтириш жараёни билан ҳамоҳанг тарзда ташкил этилди. Бу эса ўқувчиларнинг белгиланган жойларига вақтида бориши, ўз жойини тўғри топиши, жавоб варақаларини техник жиҳатдан тўғри тўлдириши ва умуман имтиҳондек масъулиятли паллага тайёргарлик кўришида муҳим омил саналади. Шу билан бирга, мазкур жараёнда болаларнинг имтиҳон топширишга оид кўникмалари янада мустаҳкамланиши шубҳасиз.  

Республикамиздаги 14 та Президент мактабининг 1-босқич саралаш имтиҳонлари ўтказиладиган барча ҳудудларда имтиҳон жараёнлари бир хил ташкил этилади. Жумладан, имтиҳонлар Тошкент шаҳридаги Ботаника боғининг Б ва C секторларида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Мазкур ҳудудлар 1080 нафар ўқувчи сиғимига эга. 

Имтиҳон бўлиб ўтадиган ҳудудларда, жумладан, талабгорларнинг қимматбаҳо буюмларини сақлаш жойи, FaceID текшириш жойи, Интернет, ноутбук ва принтер, микрофон, электрон табло соат, кузатув камераси (ҳар бир блокда), сервер хонаси, имтиҳон материалларини сақлаш жойи, стол-стул, ичимлик суви, қалам, ўчирғич (ҳар бир талабгорга), антисептик воситалар, бир марталик ниқоб, тиббиёт хонаси, кўчма тиббий пунктлар, хожатхона, ота-оналар учун кутиш жойи, ўриндиқ, соябонлар, ота-оналарга имтиҳон жараёнларини онлайн кузатиб боришлари учун монитор ва бошқаларнинг мавжуд бўлиши белгилаб қўйилган.  

Имтиҳонларни юқори савияда ташкил этишда Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликлари, Санитария-эпидемиология хизмати каби ташкилотлар ҳамкорлиги кенг йўлга қўйилади.  

 Назокат Усмонова, ЎзА