Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ташаббуси билан Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги Президент мактабида Тошкент, Нурафшон ва Гулистон Президент мактаблари ўртасида “4S (Spirituality, Sport, Science, Socializing)” мавзусида маънавий-маърифий фестиваль ташкил этилди.
Ушбу фестивалнинг асосий мақсади – ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, миллий қадриятлар ва спортни оммалаштириш, ўқувчиларнинг билим, иқтидор ва кўникмаларини намоён этиш, шунингдек, ўқитувчилар ўртасида жамоавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Гулистон Президент мактаби ижрочи директори Далер Исоқжонов мазкур тадбирнинг аҳамияти ҳамда таълим-тарбия жараёнига қўшаётган ҳиссаси ҳақида тўхталди.
Ҳар бир йўналиш учун алоҳида майдонлар ажратилиб, иштирокчилар ўз иқтидорларини спорт, фан, ижтимоий фаоллик ва маънавият соҳаларида намоён қилишди.

Фестиваль доирасида футбол, волейбол, стол тенниси каби спорт турлари бўйича мусобақалар, фанларга оид машғулотлар, психологик тренинглар, шунингдек, миллий киносанъатга бағишланган суҳбатлар ўтказилди. “Суюнчи”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Темир хотин” каби ўзбек кино асарларидан саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Фестиваль якунида турли мусобақа ва лойиҳаларда фаол иштирок этган ўқитувчи ва ўқувчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди. Президент мактаблари жамоалари келгусида ҳам бу каби ҳамкорлик лойиҳаларини давом эттиришга келишиб олдилар.
Президент мактаблари ўқитувчи ва ўқувчилари иштирокида ўтказилган мазкур фестиваль кўтаринки кайфият, ижодий муҳит ва дўстона муносабат руҳида ўтиб, иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири