English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент мактаблари директорлари ва SТEAМ фанлари ўқитувчилари учун тренинг ташкил этилди
12:25 / 2022-08-29

Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази томонидан Президент мактаблари директорлари ҳамда SТEAМ фанлари ўқитувчилари учун тренинглар ташкил этилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад – янги ўқув йили учун самарали таълим дастурини шакллантириш, "Cambridge Assessment International Education" дастури ва қўлланмаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ҳамда раҳбар ва педагог кадрларнинг касбий маҳоратини оширишдан иборатдир.

– Ҳар ўқув йили олдидан шундай семинарлар ташкил этилиши яхши анъанага айланган, – деди Тошкентдаги Президент мактаби ўқитувчиси Малика Тоҳирова. – Бу эса ишга янги келган ўқитувчиларнинг билимини бойитиш ва оширишда ўзаро тажриба алмашишда муҳимдир.

Жоэл Гоугх, Навоийдаги Президент мактаби ўқитувчиси (Янги Зеландия): – Мен Президент мактабида бир йил давомида ишладим. Бу ерда таълим жараёни имкон қадар шаффоф бўлишига ҳаракат қилинмоқда. Айни пайтда ўқитувчилар ўртасидаги глобал ҳамкорликни тобора кучайтириш, бу борада малака ва кўникмаларини ошириш ишларини доимий мувофиқлаштириб бориш муҳим деб санайман.

Президент мактабларида ўқув дастурининг ўзига хослик жиҳати шундаки, мазкур ўқув дастури "Cambridge Assessment International Education" ташкилоти билан ҳамкорликда яратилган. Ушбу дастур асосида дарс беришда ўқитувчилардан ўзига хос методикалар талаб этилади.

Тренинглар ҳар ўқув йили бошланиши арафасида "Cambridge Assessment International Education" ташкилоти томонидан ўтказилиб келинган бўлса, бу йилдан ўзимизнинг маҳаллий тренер устозларимиз томонидан ташкил этилмоқда. Улар юртимиз ва чет эллик ўқитувчиларнинг жонли мулоқоти, самимий фикр ва тажриба алмашинувига асослангани билан аҳамиятлидир.

Семинар-тренинг давомида ўқитувчилар билан бир қатор йўналишларда машғулотлар ташкил этилди.

Президент мактабларининг таълим стандартлари,  ўқувчига йўналтирилган таълим тамойиллари,  лойиҳа ишларини ташкиллаштириш ва баҳолаш, ўқувчиларнинг мотивациясини кучайтириш,  форматив ва сумматив баҳолаш тамойиллари шулар жумласидандир. Айни пайтда  дарсларнинг режалаштириш босқичлари, Feedback бериш қоидалар, A-level ва IGCSE имтиҳонларига ўқувчиларни тайёрлаш бўйича ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Тадбирнинг биринчи кунида Президент мактабларининг ижрочи ва академик директорлари учун семинарлар бўлиб ўтди.

Тренинглар гибрид шаклда ўтказилмоқда. Семинар доирасида ўтган ўқув йили давомида яхши натижа кўрсатган устозлар сертификат ва ташаккурномалар билан тақдирланди.


Назокат Усмонова,

ЎзА