English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Прeзидeнт мактабига кириш имтиҳонлари бошланди
18:25 / 2024-07-07

Наманган вилоятининг Давлатобод тумани “Юксалиш” массивидаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги қошидаги тест синовлари маркази, Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуаси ҳамда Янги Наманган туманида жойлашган Наманган муҳандислик-қурилиш институти қошидаги академик лицейда ажратилган махсус ёпиқ залда Президент мактабига кириш имтиҳонларининг биринчи босқичи бошланди.

Ҳар учта мажмуада ташкил этилган имтиҳонларга пухта тайёргарлик кўрилди. Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари жамоат тартибини сақлашга масъул бўлишса, вилоятдаги ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг уч юздан ортиқ муаллимлари имтиҳонларга кузатувчи сифатида бириктирилган. Қолаверса, имтиҳон жойларида ўқувчиларнинг ота-оналари ва яқинлари учун зарур шароитлар яратилди. Улар имтиҳон жараёнларини махсус мониторлар орқали кузатиб бориш имкониятига ҳам эга бўлди.

Президент мактаби ўқувчиси бўлиш истагидаги номзодлар учун имтиҳон саволлари дунёга машҳур Кембриж университетининг “Cambridge assessment international education” бренди остида фаолият юритувчи имтиҳон кенгаши томонидан тайёрланган. Дастлабки босқичда даъвогарлар белгиланган 60 дақиқа давомида математика фани бўйича 30 та топшириқдан иборат тест саволини ишлади. Илк босқичдан ўтган 480 нафар талабгор кейинги босқичда ахборотни таҳлил қилиш ва солиштириш қобилиятини аниқлаш бўйича мантиқ элементлари бўлган математика фанига оид 40 та масала, инглиз тилидан эса 40 та тест саволига жавоб топиши лозим.

Имтиҳон жараёнлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги мутахассислари томонидан назорат қилиб борилмоқда.

– Дунёдаги энг яхши инвестиция бу фарзандга тикилган сармоядир. Шу боисдан ҳам уч нафар фарзандимни элимиз корига ярайдиган зиёли инсонлар қилиб тарбияладим, энди навбат набираларимга, – дейди меҳнат фахрийси Раҳмонжон Абдуллаев. – Эгизак набираларим Ҳасан ва Зуҳра Давлатобод туманидаги 49-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич синфини аъло баҳоларга тугатди. Президент мактабига киришга жиддий аҳд қилиб, айниқса, математика, мантиқ ва инглиз тили бўйича пухта тайёргарлик кўрди. Синовлардан муваффақиятли ўтишса, бағоят хурсанд бўламиз.

Маълумот ўрнида, 2019 йилда республикамизда биринчилардан бўлиб ташкил топган Намангандаги Президент мактабини тамомлайдиган битирувчиларнинг барчаси мамлакатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 июлдаги “Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда давлат гранти асосида қабул қилинади. Қолаверса, халқаро ва нодавлат олийгоҳларда ўқиш истагидаги ўқувчиларга контракт пуллари давлат ҳисобидан қоплаб берилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири