ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги Президент мактабида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Унда ўқувчилар, ота-оналар ҳамда фахрий меҳмонлар иштирокида спорт беллашувлари ва миллий қадриятларни тарғиб этувчи ош фестивали бўлиб ўтди.
Спорт мусобақаларида ўқувчилар футбол, шахмат-шашка ҳамда арқон тортиш йўналишида ўз маҳоратини синовдан ўтказди. Беллашувлар якка тартибда ҳам, жамоа шаклида ҳам ўтказилиб, рақобат ва дўстона муҳитни янада мустаҳкамлади.
Тадбирнинг навбатдаги қисми ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳамкорлигида ўтказилган ош тайёрлаш жараёни билан давом этди. “Blue” ва “Green” жамоаларига бўлинган иштирокчилар миллий таомимиз бўлган паловни тайёрлашда ўз усталигини намойиш этди.
[gallery-27122]
Шунингдек, Термиз гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм оркестри ва фахрий қоровул взводининг тантанали чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Уларнинг саҳнадаги намойишлари тадбирга ватанпарварлик руҳи ва алоҳида тантанаворлик бахш этди.
Тадбир якунида фаол қатнашчилар мактаб раҳбарияти томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА