Гулистон шаҳридаги Президент мактабида буюк ўзбек мутафаккирлари — Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан адабий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Унда матншунос, навоийшунос ва бобуршунос олим, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Ваҳоб Раҳмонов иштирок этди.
Учрашув Президент мактаби ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирокида юқори илмий-маърифий руҳда ташкил этилди. Тадбир давомида Ваҳоб Раҳмонов Алишер Навоий ижодининг ўзбек адабиёти ва миллий маънавиятимизда тутган ўрни, асарларида илгари сурилган юксак инсонпарвар ғоялар, комил инсон тарбияси масалалари ҳақида атрофлича фикр билдирди. Олим Навоий асарларининг бугунги ёш авлод тарбиясида ҳам долзарб аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди, унинг тарихий, адабий ҳамда маърифий мероси хусусида ҳам мазмунли мулоҳазалар билдирилди. “Бобур изидан” номли илмий экспедиция доирасида олиб борилган тадқиқотлар жараёнида қўлга киритилган қимматли илмий хулосалар, тарихий манбалар ва қўлёзмалар ҳақида ўқувчиларга батафсил маълумот берилди.
Учрашув давомида ўзбек адабиётининг ноёб қўлёзмалари, манбашунослик ва матншунослик соҳасидаги сўнгги илмий топилмалар, шунингдек, мумтоз асарларни илмий-танқидий матнлар асосида нашрга тайёрлаш жараёни ҳақида ҳам сўз юритилди.

Савол-жавоб тарзида ўтган учрашувда ўқувчилар ва ўқитувчиларни қизиқтирган Навоий ва Бобур ижоди, уларнинг бой адабий мероси, матншунослик муаммоларига оид саволларга олим атрофлича ва асосли жавоблар берди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири