Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент мактабида “маънавият соати”
15:53 / 2025-04-14

Гулистон шаҳридаги Президент мактабида буюк саркарда ва давлат арбоби Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 689 йиллиги муносабати билан “маънавият соати” ўтказилди. Дарс жараёнида ўқувчиларга Амир Темурнинг жасорати, адолатпарварлиги, ҳарбий ва сиёсий фаолияти, ҳамда халқимиз тарихи ва маънавиятида тутган ўрни ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

– Бугунги “маънавият соати” орқали ўқувчилар нафақат буюк аждодимизнинг ҳаёт йўли билан танишди, балки ундаги ватансеварлик, адолат ва илмга бўлган муҳаббат каби фазилатларни ўрнак сифатида қабул қилишди. Бу каби дарслар ёш авлод қалбида тарихимизга ҳурмат ва ғурур туйғусини мустаҳкамлайди, – дейди Президент мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шоҳиста Намозова.

– Амир Темур нафақат буюк саркарда, балки илм-фан ва маданиятнинг ҳақиқий ҳомийси бўлган,–дейди тарих фани ўқитувчиси Шоҳрух Шарипов. – Унинг “Темур тузуклари” асари орқали давлат бошқарувининг мустаҳкам асосларини яратиб бергани ҳам бу зотнинг кенг қамровли сиёсий дунёқарашидан дарак беради. Унинг шахсияти ҳар бир ёш учун ибрат манбаи бўлиши лозим.

Дарс сўнггида 9-"А" синф ўқувчиси Исомиддин Исмоилов ўз таассуротларини шундай ифодалади:

– Бугунги дарс мен учун жуда таъсирли бўлди. Амир Темур каби буюк инсоннинг ҳаётидан ўрнак олиб, мен ҳам Ватанимга фидойи фарзанд бўлишга интиламан. У киши қандай қилиб буюк давлатни барпо қилгани ва илмга қанчалик эътибор бергани менда катта таассурот қолдирди.

Маълумот ўрнида:  Марказий Осиё халқларининг иқтисодий, сиёсий ва маънавий ривожланишида беқиёс ўрин тутган, бу йил  689 йиллиги нишонланаётган Соҳибқирон Амир Темур бобомиз 1336 йил 9 апрель куни Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида туғилган.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири