Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент мактаби: ютуқлар салмоғи йилдан-йилга ортмоқда
16:51 / 2025-09-19

Мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, ёш авлоднинг пухта билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, ўз истеъдод ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариши борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, ёшларнинг билим олиши, хорижий тилларни ўрганиши, малакали мутахассис бўлиб етишишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунга келиб, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда юртимиздаги муваффақиятли лойиҳалардан бири – Президент мактабларининг фаолияти ҳам алоҳида ўрин тутмоқда. Буни Андижон шаҳридаги Президент мактаби фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. 

Айни кунда Андижон шаҳридаги Президент мактабида 168 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўқув жараёнлари “STEAM” таълим дастури асосида инглиз тилида олиб борилмоқда. 

– Мактабимизда математика, физика, кимё, биология, ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим услублари асосида чуқур ўргатилади, – дейди Андижон шаҳридаги Президент мактаби директори Сардорбек Рислиқбоев. – Бу орқали ўқувчиларда креатив фикрлаш, тиришқоқлик, изланувчанлик каби муҳим жиҳатлар янада ривожлантирилмоқда. Шунингдек, таълим даргоҳимиз 2023 йилда Халқаро Cambridge ташкилотининг аккредитациясидан муваффақиятли ўтиб, расмий “A-Level” имтиҳон марказига айланди. 2024 йилда эса SAT (Scholastic Assessment Test) – академик баҳолаш бўйича дунёдаги энг нуфузли тест тизимини ўтказадиган расмий халқаро марказ сифатида тан олинди.

Бундан ташқари, жорий йил апрель ойида мактабимиз CIS (Халқаро мактаблар кенгаши) аккредитациясидан ўтиб, тегишли сертификатни қўлга киритди. 

Мактабнинг Халқаро мактаблар кенгашига аъзо бўлиши таълим муассасасининг халқаро даражада тан олинганини билдиради. Эндиликда ушбу мактабда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг чет элдаги нуфузли университетларда ўқиш учун грант ютиш имкониятини янада оширади. 

Таълим сифатини ошириш, ўқитишга халқаро мезонлар, илғор ўқитиш услубларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган самарали ишлар натижасида мактаб ўқувчиларининг республика, халқаро миқёсдаги турли танловлар, фан олимпиадаларида эришаётган ютуқлари салмоғи йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Масалан, 2024-2025 ўқув йилида мактабни тамомлаган 24 нафар ўқувчининг барчаси халқаро инглиз тили бўйича IELTS имтиҳонидан энг юқори – 7,0 - 8,0 балл натижага эришди. Шунингдек, 19 нафар битирувчи SAT халқаро академик тестидан юқори натижа кўрсатди.

Азизбек Ғанижонов, Оғабек Рўзиқулов, Муслимбек Зайнобидинов, Жавоҳир Қобулжонов, Билолиддин Неъматов, Муҳаммадзиё Марипжонов, Темурмалик Хасанов сингари ўқувчилар Жанубий Корея, Туркия, Россия, Венгрия давлатларидаги бир неча нуфузли университетларда ўқиш учун юз фоизлик грантларни ютиб олди. 

Ширина Тўраева эса “Рақамли авлод қизлари – 2025” республика танлови ғолиби сифатида АҚШга саёҳатга борди. Саёҳат давомида MIT, Гарвард каби университетларда етакчи эксперт ва профессорлар иштирокидаги давра суҳбатларида қатнашди.

Андижон шаҳридаги Президент мактабининг бир гуруҳ ўқувчилари Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Фатиҳ Султон Меҳмет ўрта мактабида “Имконсизлик тўсиқларини енгиш” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этди. БМТ шафелигида дунёнинг 45 та давлатидан 30 дан ортиқ халқаро мактабларнинг 200 нафардан зиёд ўқувчиси қатнашган мазкур конференцияда мактаб ўқувчиси Бехрузбек Холдаров “Энг яхши делегат” номинациясида ғолиб бўлди. 

Халқаро Информатика олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси сафида иштирок этган мактаб ўқувчиси Дилёрбек Валижонов эса бронза медалини қўлга киритди. 

Андижон Президент мактаби ўқувчилари нафақат билим эгаллашда, балки турли ихтиро, инновацион лойиҳа ва стартапларни амалиётга қўллаш борасида ҳам салмоқли ютуқларни қўлга киритмоқда. Мактаб ўқувчилари томонидан ишлаб чиқилган стартап лойиҳалар, мобил иловалар, дастурий таъминот ва техник ишланмалар ёшларнинг замонавий фикрлаш тарзини намоён этмоқда. Ўқувчилар “Digital Generation” (Рақамли авлод) лойиҳаси доирасида сунъий интеллект, веб-дастурлаш, мобил илова яратиш каби йўналишларда ўз иқтидорларни намоён этмоқда. 

Жумладан, мактабнинг 9-синф ўқувчиси Асилбек Ғуломовнинг “Агробот” лойиҳаси ўзига хослиги билан ажралиб туради. Яъни “Агробот” лойиҳаси – сунъий интеллект асосида ишлаб чиқилган ақлли ёрдамчи бўлиб, лойиҳа фермерлар, боғбонлар, умуман, турли экинлар парвариши билан шуғулланувчиларга мўлжалланган. Фойдаланувчи дастурга ўсимликнинг расмини юклагач ёки муаммони матн кўринишида киритгач, дастур ўсимлик турини, уни парваришлаш бўйича умумий маълумотларни ва парвариш жараёнида келиб чиқиши мумкин бўлган эҳтимолий касалликлар бўйича аниқ ва батафсил маълумотлар беради. Шунингдек, лойиҳада тизимда фойдаланувчига тезкор маслаҳат берувчи махсус “чатбот-ассистент” ҳам мавжуд.

Мактаб ўқувчиси Озодбек Тошпўлатов “Ҳаётга қайтиш имконияти” лойиҳаси доирасида яратган бионик (сунъий) қўл қурилмаси ёрдамида қўлидан айрилган инсонларга оддий ҳаракатларни – тутиш, ушлаш, ҳаракатлантириш имконини қайтариб беради. Қурилма арзонлиги, маҳаллий шароитда тайёрлаш мумкинлиги билан аҳамиятлидир. 

Ширина Тўраева раҳбарлигидаги NeuroFocus лойиҳаси – ўқитувчи ва ўқувчилар учун мўлжалланган замонавий рақамли таълим платформаси бўлиб, унда конспектлар, тестлар, ДТМга тайёргарликка оид материаллар, дарс режалари, ўйинли машғулот ғоялари ҳамда фойдали видеодарслар жамланган. Платформа фойдаланувчиларга зарур маълумотларга тез ва қулай тарзда етиб бориш имконини яратиб, вақтни тежаш ҳамда ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олади.

Бир сўз билан айтганда, мактаб ўқувчилари томонидан юқоридаги каби кўплаб ютуқлар қўлга киритилмоқда. 

Андижон шаҳридаги Президент мактабида таълим жараёнларининг замонавий ёндашувлар асосида ташкил этилиши, ўқувчиларнинг юқори натижаларни қўлга киритишида мактаб педагогика жамоасининг хизматлари катта. Айни кунда ушбу таълим масканида 30 нафар маҳаллий ва 10 нафар хориждан таклиф этилган тажрибали педагоглар иш олиб бормоқда. Уларнинг самарали фаолияти ҳам алоҳида эътирофга муносиб. 

Жорий йилда мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Нодирбек Олимов этнография, этнология ва антропология ихтисослиги бўйича диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилиб, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олди. Шунингдек, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Шахноза Азимжонова “Адабиётшуносликда тарихий жараён ва ижодкор портрети муаммолари” мавзусидаги диссертациясини ҳимоя қилган ҳолда, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига сазовор бўлди.

Мактабнинг компьютер таълими фани ўқитувчиси Улуғбек Абидов Кембриж халқаро таълим дастурлари асосида дарс бериладиган фанларни ўқитиш бўйича махсус курсларни муваффақиятли тугатиб, тегишли сертификатларга эга бўлган мамлакатимиздаги саноқли педагоглардан биридир. Унинг ўқувчилари республика ва халқаро фан олимпиадаларида юқори натижаларни қайд этмоқда. 

Мактабнинг кимё фани ўқитувчиси Аъзамжон Абдуҳакимов ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларнинг математика ва кимё фани ўқитувчилари ўртасида ўтказилган “Лидер ўқитувчилар” олимпиадасининг ҳудудий ва республика босқичларида совринли ўринларни қўлга киритди. У дарс бераётган ўқувчилари ҳам кимё фанидан кўплаб ютуқларни қўлга киритди. Хусусан, 10-синф ўқувчиси Азизбек Ғанижонов “Future Intellegence Students Olympiad – FISO” олимпиадасида, 9-синф ўқувчиси Абдуллоҳ Нўъмонов  эса мазкур олимпиадада “Gold” натижани қўлга киритиб, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказиладиган финал босқичида қатнашиш йўлланмасини қўлга киритди. 

[gallery-25373]

Мактабнинг хориждан таклиф этилган ёш ва маҳоратли педагогларидан бири, канадалик кимё фани ўқитувчиси Марсден Аббе Николе эса самарали фаолияти учун Президентимиз фармони билан “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. 

Мухтасар айтганда, мактабнинг педагогик жамоаси, ўқувчилари эришаётган ютуқ ва муваффақиятлар мамлакатимизда таълим тизимига қаратилаётган эътибор, Президент мактабларида яратилган кенг имкониятларнинг амалий самарасидир. Жамоанинг асосий мақсади янада юқори натижаларга эришиш, мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшадиган ёшларни камолга етказишдир.

Фахриддин Убайдуллаев,

Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари