Мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, хорижий тилларни ўрганиши, малакали мутахассис бўлиб етишишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунга келиб, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда Президент мактабларининг фаолияти алоҳида ўрин тутмоқда.
Жумладан, Андижон шаҳридаги Президент мактабида ҳам юқоридаги йўналишларда эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

– Айни кунда мактабимизда 168 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, – дейди Андижон шаҳридаги Президент мактаби директори Сардорбек Рислиқбоев. – Ўқув жараёнлари “STEAM” таълим дастури асосида олиб борилмоқда. Кейинги йилларда мактабимиз таълим сифати, халқаро стандартларга мос бошқарув тизими ҳамда ўқувчи ва педагоглар салоҳиятини ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришиб келмоқда.

Якунланган 2025 йил ҳам мактаб учун самарали йиллардан бири бўлди. Хусусан, ортда қолган йил халқаро аккредитациялар, нуфузли имтиҳон натижалари, халқаро танлов ва олимпиадалардаги ютуқлар, шунингдек, педагоглар фаолиятининг эътироф этилиши билан ёдда қолди.

Дарҳақиқат, Андижон шаҳридаги Президент мактаби 2025 йил март ойида CIS (Council of International Schools) халқаро аккредитациясидан муваффақиятли ўтди. Аккредитация жараёнлари мактабда тизимли тарзда ташкил этилиб, барча босқичлар халқаро мезонлар асосида амалиётга жорий этилди. Мазкур аккредитация мактабда таълим сифати, ўқув дастурлари, бошқарув, хавфсизлик, ўқувчилар учун яратилган шароитлар ҳамда педагогик муҳит халқаро стандартларга тўлиқ мос эканини тасдиқлайди.

Шу билан бирга, мактаб жамоаси ўтган йили Пеарсон халқаро таълим ташкилотининг халқаро GCSE дастури бўйича имтиҳонлар маркази сертификатини қўлга киритди. Бу эса ўқувчиларга халқаро тан олинган баҳолаш тизими асосида билимларини синовдан ўтказиш имконини беради.
Ҳозирги кунда мактаб Cognia халқаро таълим ташкилоти аккредитациясидан ўтиш жараёнида фаол иштирок этмоқда.

Сўнгги йилларда мактаб битирувчиларининг хорижий олий таълим муассасаларига 100 фоизлик тўлиқ грант асосида қабул қилиниш кўрсаткичи изчил ошиб бормоқда. Хусусан, 2025 йилда бу кўрсаткич 6 нафарга етди. Мактаб битирувчилари Корея Республикасидаги KAIST (QS рейтингида 53-ўрин) ҳамда Сеул Миллий Университети (QS рейтингида 38-ўрин) каби дунёнинг нуфузли университетларига грант асосида қабул қилинди.
Ўтган ўқув йилида мактаб ўқувчиси Ширина Тўраева “Рақамли авлод қизлари” танловининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритиб, Америка Қўшма Штатларига таълим саёҳатида иштирок этди.
Шунингдек, бир гуруҳ ўқувчилари Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Фатиҳ Султан Меҳмет ўрта мактабида бўлиб ўтган “Имконсизлик тўсиқларини енгиш” мавзусидаги халқаро конференцияда қатнашди. Дунёнинг 45 та давлат вакиллари, 30 дан ортиқ халқаро мактабларнинг 200 дан зиёд делегатлари иштирок этган мазкур конференцияда мактаб ўқувчиси Бехрузбек Холдаров “Энг яхши делегат” номинациясида ғолиб бўлди.
Мактаб битирувчилари халқаро имтиҳонларда ҳам юқори натижаларни қўлга киритди. Битирувчиларнинг 100 фоизи IELTS имтиҳонидан 6,5 ва ундан юқори баллни қўлга киритди.
Ўқувчиларнинг 79 фоизи SAT имтиҳонида 1200 балл ва ундан юқори натижа қайд этди. Жумладан, мактабнинг 11-синф ўқувчиси Мухторжон Мўйдинов SAT имтиҳонида энг юқори – 1600 баллни қайд этиб, нафақат мактаб, балки республика миқёсидаги энг юқори натижани қайд этди.
Шунингдек, Cambridge A-Level имтиҳонлари натижалари ҳам йилдан йилга ўсиб бормоқда. Хусусан, юқори баҳолар (А, B, C) улуши 2023 йилда 58 фоизни, 2024 йилда 68 фоизни, 2025 йилда 84 фоизни ташкил этди.
Ўтган йили мактаб педагоглари ҳам турли танловлар, республика ва халқаро миқёсдаги анжуманларда фаол иштирок этди. Бундан ташқари, самарали меҳнатлари учун бир қатор ўқитувчилар турли нишон ва мукофотлар билан тақдирланишди. Хусусан, Президентимиз фармони билан мактабнинг хорижлик мутахассиси, кимё фани ўқитувчиси Марсден Аббей Николе “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
Бир сўз билан айтганда, Андижон шаҳридаги Президент мактаби жамоаси 2025 йилда эришилган ютуқлари билан республика ва халқаро миқёсдаги етакчи таълим муассасаларидан бири сифатида нуфузини янада мустаҳкамлади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари